Елдос Сметов - Олимпиада чемпиони

PARIS. Кazinform - Дзюдо бўйича Қозоғистон терма жамоасининг аъзоси Елдос Сметов Париж Олимпиадаси чемпиони бўлди.

Сметов
Фото: Сали Сабиров

Шу тариқа Елдос Сметов мамлакатга илк олтин медални тақдим этди.

Қозоғистонлик дзюдочи Париждаги ўйинларнинг финалида Лука Мхеидзе (Франция) билан куч синашди ва рақибидан устун келди.

Шундай қилиб, Елдос Сметов Олимпиада чўққисини забт этди ва ўз номини Қозоғистон спорти тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қолдирди.

Таразлик татами устаси бунгача 2016 йилги Рио Олимпиадасида финалгача етиб борган, бироқ рақибига имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритганди. Токиодаги ўйинларда Торнике Чкадуани мағлуб этди ва кучли учликдан жой олди. Бугун эса Елдос ҳаётидаги асосий жангда бор маҳоратини намойиш этди.

Умуман олганда, Париждаги қуръа Сметов учун осон кечмади. Саралаш баҳсларида Торнике Чкадуа (Нидерландия), Дилшод Холматов (Украина), чорак финалда Токио Олимпиадаси кумуш медали совриндори Янг Ю Вей (Тайпей) устидан ғалаба қозонди. Ярим финалда эса жаҳон чемпиони, Европа чемпионатининг 3 карра ғолиби Франциско Гарригосдан (Испания) қўшимча вақтда (golden score) устун келди.

Парижда 60 килограммгача бўлган полвонлар ўртасидаги баҳсларда Франциско Гарригос ва Рюдзу Нагаяма (Япония) бронза медалини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қозоғистонлик мерганлар Олимпиаданинг бронза медалини қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар