Эль-Ниньо Жаҳон океанининг рекорд даражадаги исишига сабаб бўлди

ASTANA. Kazinform — 2026 йил сентябрь ойида Жаҳон океани юзасидаги ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 21,05 даражага етиб, ушбу ой учун янги рекорд ўрнатди. Бу ҳақда БЕЛТА хабар беради.

Эль-Ниньо привело к рекордному нагреву Мирового океана
Фото: Kazinform/ИИ

БЕЛТА агентлигининг France 24 нашрига таяниб хабар беришича, тегишли маълумотлар Европанинг Copernicus иқлим мониторинги хизмати томонидан тақдим этилган.

Сентябрь ойида Жаҳон океани юзасидаги ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 21,05 даражани ташкил этди. Бу 2023 йилда қайд этилган сентябрь ойига оид аввалги рекорддан юқори. Унда мазкур кўрсаткич 20,92 даражага етган эди.

Метеорологлар рекорд даражадаги исишнинг асосий сабаби сифатида 2026 йилда юқори интенсивликка эга бўлган табиий иқлим ҳодисаси — Эль-Ниньонинг кучайишини кўрсатмоқда.

Синоптиклар бир неча ойдан бери жорий йилдаги Эль-Ниньо кузатувлар тарихидаги энг кучли ҳодисага айланиши мумкинлигидан огоҳлантириб келади.

Copernicus баҳолашига кўра, сентябрь ойидаги кўрсаткичлар ҳали ҳодисанинг энг юқори нуқтасига етмаган бўлса-да, Эль-Ниньо жуда кучли кечаётганини кўрсатади.

Эль-Ниньо Тинч океанининг экваториал қисмидаги сув юзаси ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ бўлиб, дунёнинг турли минтақаларидаги об-ҳаво шароитига таъсир кўрсатади. Ушбу ҳодиса қурғоқчилик ва сув тошқинлари хавфини ошириши, шунингдек, инсон фаолияти натижасида юзага келаётган глобал исиш таъсирини кучайтириши мумкин.