Экологик тоза транспорт: Манғистауда метан газида ҳаракатланувчи янги автобуслар қатнайди
Манғистау вилоятида янги авлод автобуслари пайдо бўлди, бу ҳудуд экологиясини яхшилаш йўлидаги салмоқли қадамдир. 30 та янги автобус келтирилди, улар Ақтау шаҳар йўналишлари бўйлаб йўловчиларни ташишни бошлайди. Бундан ташқари, “Ақтау – аэропорт” йўналишида янги автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Тез орада метан газида ҳаракатланувчи яна 90 та автобус фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда вилоят раҳбари Нурлан Ноғаев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

Янги автотранспорт воситалари (автобуслар) маҳаллий бюджет ва “Саноатни ривожлантириш жамғармаси” акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан 1,1 млрд тенге миқдорда харид қилинди. Барча автобуслар кондиционер, видеокузатув камералари ва ногиронлар учун пандус билан жиҳозланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 9,2 миллиард тенгега баҳоланган.
Янги автобус инфратузилмасининг муҳим қисмларини жамоат транспорти йўналишлари ҳаракатини кузатиш имконини берувчи махсус диспетчерлик тизими, автобус салонини кузатиш учун камералар ташкил қилади.
Шунингдек, вилоятда илк бор автобусларни ёқилғи билан таъминлаш учун махсус газ қуйиш шохобчаси – метан станцияси фойдаланишга топширилди.
– Янги автобусларда газ двигателларидан фойдаланиш ҳавога чиқаётган зарарли чиқиндилар миқдорини камайтириш ва субсидиялар соҳасида бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади, – дейди Нурлан Ноғаев.
Вилоят раҳбари асосий мақсад Манғистау вилоятида йўловчиларга хавфсиз, қулай ва сифатли йўловчи ташиш хизмати кўрсатиш эканини таъкидлади.
Шунингдек, у вилоятда суюлтирилган газ истеъмоли юқори эканлигини таъкидлаб, метандан фойдаланиш суюлтирилган газ юкини камайтиришига ишонч билдирди.
-Мақсадимиз – Манғистау вилоятида йўловчиларга хавфсиз, қулай ва сифатли йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш, автобусларнинг кутиш вақтини қисқартириш ва йўловчи ташиш бозорига янги сифатли автобусларни таклиф этишдир”, – деди Манғистау вилояти ҳокими.