Экибастузда йилига бир миллион тонна пўлат ишлаб чиқарувчи завод қурилади
PAVLODAR. Кazinform -«Railways Systems KZ» компанияси Экибастуз шаҳрида янги авлод электрометаллургия заводини қурмоқчи.
Қурилиши 208 миллиард тенгега баҳоланган корхона ишга тушса, 1000 та янги иш ўрни яратилади.
Кончилар шаҳарчасининг саноат зонасида йилига 1 миллион тонна юқори технологияли пўлат ишлаб чиқарадиган янги завод барпо этилиши кутилмоқда. «Railways Systems KZ» компанияси ушбу лойиҳага 208 миллиард тенге сармоя киритмоқчи.
«Корхонада 1000 дан ортиқ иш ўрни очилади. Ушбу лойиҳа минтақамиз учун юқори даражадаги кластерларни яратишга қаратилган устувор йўналишлардан бири бўлади. Юқори технологияли корхона Экибастуз шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини мустаҳкамлайди. Заводни бошиданоқ юқори экологик ва ижтимоий стандартларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш муҳим», – деди Павлодар вилояти ҳокимлиги.
Металлургия заводининг очилиши 2028 йилга мўлжалланган. Металлургия маҳсулотларининг 40 фоизини МДҲ ва Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилиш режалаштирилган. Лойиҳа Европанинг электрометаллургия соҳасидаги йирик инжиниринг компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Илғор технологиялар ёрдамида эритиш ва қотишма жараёнлари жаҳон андозаларига нисбатан 20-50 фоизга тезлашади. Бунинг ёрдамида энергия истеъмоли икки баравар камаяди.
Мазкур лойиҳа бўйича Павлодар вилояти ҳокимлиги ва «Railways Systems KZ» МЧЖ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.