“Дўстлик” уйлари гуманитар ёрдамни қабул қилиш пунктларига айланди

Гуманитар ёрдам
Фото: Александр Павский / Kazinform

ASTANА. Кazinform - Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 10 мингга яқин кўнгиллилари сув тошқинларига қарши курашда иштирок этмоқда. Бу ҳақда Парламент Сенати депутати, Қозоғистон халқи Ассамблеясининг сув тошқинларидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича республика штабининг вакили Алишер Сотволдиев батафсил маълумот берди.

“Қозоғистон халқи Ассамблеяси томонидан ташкил этилган республика ва вилоят штаблари сув тошқинларидан жабр кўрган ҳудудларда фаолиятини давом эттирмоқда. “Юракдан юракка” махсус лойиҳаси доирасида барча ҳудудлардаги “Дўстлик” уйларида кўнгиллилар марказлари ва гуманитар ёрдамларни қабул қилиш пунктлари фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда республикада 50 га яқин, Астана шаҳрида эса 9 та ёрдам қабул қилиш пункти фаолият кўрсатмоқда”, — деди Алишер Сотволдиев Марказий коммуникациялар хизматида ўтказилган матбуот анжуманида.

Халқ вакилининг сўзларига кўра, Қозоғистон халқи Ассамблеяси томонидан ёрдам ва қўллаб-қувватлаш учун 10 мингга яқин кўнгиллилар сафарбар этилган.

“Улар сув босган ҳудудларга гуманитар ёрдамни йиғиш, саралаш ва жўнатиш билан шуғулланмоқда. Бундан ташқари, тўғонлар қурилишида кўнгиллилар иштирок этмоқда. Айни пайтда вилоят этник-маданий бирлашмалари томонидан сув тошқинларидан жабр кўрган ҳудудларга 227 тоннадан ортиқ озиқ-овқат ва зарур буюмлар жўнатилди. Гуманитар ёрдамнинг умумий миқдори 276,5 миллион тенгени ташкил этди. Шунингдек, 24 та махсус техника ва 43 та юк машинаси сафарбар этилган. Гуманитар ёрдамнинг охирги партияси Чимкентдан Атирау вилоятига, Жамбил вилоятидан Атирау ва Қостанай вилоятларига жўнатилди. Яқин кунларда Жамбил, Туркистон вилоятлари, Алмати, Чимкент шаҳарларидан йиғилган ёрдамни Атирау, ҒҚВ ва Ақтўбе вилоятларига жўнатиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда”, — деди у.

Сўнгги хабарлар