Душанбе – Астана рейсининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Душанбе – Астана рейсининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
Фото: Қозоғистон Республикасининг Тожикистондаги элчихонаси

DUSHANBE. Kazinform - Душанбе аэропортида Душанбе – Астана – Душанбе биринчи тўғридан-тўғри рейснинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Очилиш маросимида Қозоғистоннинг Тожикистондаги Элчиси Уалихан Тўреханов, «Сомон Эйр» авиакомпанияси бош директори Абдулқосим Валиев, Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директори Дилшод Сафарзода, Тожикистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Камолиддин Мўминзод шунингдек, дипломатик корпус ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Абдулқосим Валиев рейсни очишда кўрсатган ҳар томонлама ёрдами учун Қозоғистон томонига миннатдорлик билдириб, Қозоғистон ва Тожикистон пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар барча соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлаш учун қўшимча туртки бўлишига ишонч билдирди. Авиарейслар йўлга қўйилгандан сўнг ҳар икки томонда ҳам савдо-сотиқ ва сайёҳлик оқими ошади деган умид мавжуд.

Қозоғистон Элчиси Уалихан Тўреханов мустақиллик йилларида Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли давлатлараро алоқалар барпо этилганини, улар стратегик шериклик руҳида мустаҳкамланганини алоҳида таъкидлади.

— Қозоғистон ва Тожикистон кенг кўламли ҳамкорликни, жумладан, ҳаво транспорти соҳасида ҳам мустаҳкамлашда давом этмоқда. Пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри рейсларнинг мавжудлиги нафақат сайёҳлар, балки Астана ва Қозоғистон ҳудудларида таҳсил олаётган тожикистонлик талабалар учун ҳам жозибадор бўлади. Шунингдек, Астана орқали барча йўналишларга, жумладан, Европа ва Осиёга ҳам учиш мумкин бўлади, — деди қозоғистонлик дипломат.

У барчани рейс очилиши билан табриклаб, экипаж ва йўловчиларга Астанага юмшоқ қўнишни тилади.

Дастлабки босқичда Душанбе ва Астана ўртасидаги рейслар ҳафтада бир марта сешанба кунлари амалга оширилади, 19 апрелдан эса уларнинг частотаси ҳафтасига икки марта – сешанба ва жума кунларигача оширилади.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков

Сўнгги хабарлар