Дунёдаги энг қиммат савдо кўчаси маълум бўлди
ASTANA. Kazinform — Нью-Йоркдаги Бешинчи авеню дунёдаги энг қиммат савдо кўчалари рейтингида яна биринчи ўринни эгаллади, деб хабар беради Cushman & Wakefield.
Cushman & Wakefield халқаро консалтинг компаниясининг Main Streets Across the World 2026 тадқиқоти маълумотларига кўра, сўнгги бир йилда Юқори Бешинчи авенюдаги савдо майдонларининг ижара ҳақи 35 фоизга ошиб, бир квадрат фут учун йилига 2700 долларга етган. Бу бир квадрат метр учун йилига тахминан 29 минг доллар ёки 13,1 миллион тенгени ташкил этади. Натижада Бешинчи авеню рейтингда учинчи ўриндан биринчи ўринга кўтарилди. Ушбу кўча охирги марта 2023 йилда биринчи ўринни эгаллаган эди.
Рейтингда иккинчи ўрин Лондон шаҳридаги Нью-Бонд-стрит кўчасига насиб этди. Бу ерда бир квадрат фут майдоннинг йиллик ижара ҳақи 2230 долларни (тахминан 1 миллион тенге) ташкил қилди. Учинчи ўрин эса Миландаги Виа Монтенаполеоне кўчасига берилди. Ундаги кўрсаткич 2160 долларга (тахминан 975 минг тенге) етди.
Умуман олганда, дунёдаги 147 та етакчи савдо кўчасида ижара ҳақи маҳаллий валютада ҳисоблаганда ўртача 3 фоизга ошган.
Иқтисодий беқарорликка қарамай, юқори тоифали савдо майдонларига бўлган талаб пасаймаган.
Бу ҳолат дунёнинг 30 та йирик савдо кўчасида умумий майдони 815 минг квадрат футдан (75,7 минг квадрат метр) ортиқ бўлган 153 та янги ижара шартномаси тузилиб, дўконлар очилганида ҳам намоён бўлмоқда.
Янги ижарачиларнинг 80 фоиздан ортиғи ушбу кўчаларда илгари фаолият юритмаган савдо тармоқлари бўлса, ижарага олинган жойларнинг қарийб 90 фоизини халқаро брендлар эгаллаган. Талабнинг асосий қисмини эса қимматбаҳо кийим-кечак дўконлари ташкил этган.
Ижара ҳақининг ўсиши дунёнинг анъанавий савдо марказларидан ташқари ҳудудларда ҳам кузатилмоқда. Масалан, Майамидаги Брикелл бульварида ижара қиймати 43 фоизга, Остиндаги Саут-Конгресс кўчасида 20 фоизга, Мумбайдаги Линкинг-роудда 28 фоизга, Бухарестдаги Каля-Викторией кўчасида эса 29 фоизга ошган.
Cushman & Wakefield маълумотларига кўра, савдо дўконлари, ресторанлар, меҳмонхоналар ва кўнгилочар масканлар жойлашган кўп функцияли шаҳар ҳудудларининг ривожланиши ташриф буюрувчилар сонини кўпайтириб, савдо тармоқларининг қизиқишини янада оширади.
Компания экспертларининг прогнозларига кўра, энг яхши савдо майдонлари учун рақобат ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолади. Чакана савдо соҳасида харидорлар билан алоқа ўрнатиш, товар захираларини бошқариш каби йўналишларда сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг аҳамияти ортиб боради. Бироқ бренднинг оммалашувини таъминлаш ва истеъмолчиларнинг харид тажрибасини яхшилашда анъанавий дўконларнинг ўрни сақланиб қолади.