Дунёда оталарнинг бола парвариши таътили оналарникига қараганда саккиз баравар қисқа — БМТ

ASTANA. Kazinform — Дунё бўйича оталарга бола парвариши учун ҳақ тўланадиган таътилнинг ўртача давомийлиги оналарникига қараганда саккиз баравар қисқа. БМТнинг «Аёллар» тузилмаси ва Жаҳон банки гуруҳининг янги тадқиқотида шундай маълумот келтирилган, деб хабар беради БМТ янгиликлар хизмати.

Отпуск по уходу за ребенком для отцов в мире в восемь раз короче, чем для матерей — ООН
Фото: Kazinform / ИИ

Мутахассислар 190 та мамлакат қонунчилигини таҳлил қилиб, уларнинг 66 тасида оталарга ҳақ тўланадиган бола парвариши таътили кафолатланмаганини маълум қилди. Олтита мамлакатда эса бундай таътил аёллар учун ҳам кафолатланмаган.

Оталарга ҳақ тўланадиган таътил белгиланган 124 та иқтисодиётнинг ярмида унинг давомийлиги икки ҳафтага ҳам етмайди. Мамлакатлар ва ҳудудларнинг тахминан учдан бир қисми Халқаро меҳнат ташкилотининг оналарга камида 14 ҳафталик ҳақ тўланадиган таътил бериш стандартига риоя қилмай келади.

Тадқиқотда, шунингдек, эркаклар фарзанд тарбиясида фаол иштирок этишга интилаётгани, бироқ бунинг учун етарли қўллаб-қувватлаш мавжуд эмаслиги аниқланган. Сўровда иштирок этган оталарнинг 87 фоизи зарур кўмак йўқлигидан шикоят қилган бўлса, 83 фоизи иш берувчилар уларга мослашувчан иш тартибини таклиф этмаслигини билдирган.

Мутахассисларнинг фикрича, аёллар болалар ва бошқа оила аъзоларига ҳақ тўланмайдиган парвариш ишлари учун эркакларга қараганда ўртача 2,5 баравар кўп вақт сарфлайди.

Шу билан бирга, оталарнинг бола парваришида иштирок этиши фарзандларининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади, шунингдек, оналарнинг иш билан таъминланиш имкониятлари ва даромадларига ҳам таъсир қилади.

29 октябрда нишонланадиган Халқаро парвариш ва қўллаб-қувватлаш куни арафасида БМТнинг «Аёллар» тузилмаси ва Жаҳон банки гуруҳи мамлакатларни оилавий мажбуриятларни тенг тақсимлашни таъминлашга чақирмоқда.