Дунёдаги метролар ҳақида қизиқарли маълумотлар
Илк метро
Дунёдаги энг қадимги метро, Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги метро ҳисобланади. У 1863 йилдан бери фаол хизмат қилиб келади. Лондон метроси 11 та йўналиш ва 270 дан ортиқ станциялардан иборат. Бу нафақат энг қадимги, балки Англия пойтахтининг рамзи ва ўзига хос диққатга сазовор жойи ҳам ҳисобланади.
Энг катта метро
Дунёдаги энг катта метро Япониянинг Токио шаҳридаги метродир. Токио метроси ҳар куни 10 миллионга яқин йўловчи ташийди. Япония пойтахтида 37 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бу жуда катта рақам. Токио метрополитенида 13 та линия ва 290 дан ортиқ бекат мавжуд.
Энг чуқур метро
Дунёдаги энг чуқур метро Шимолий Кореянинг Пхеньян шаҳридаги метро. Унинг баъзи станциялари ер юзидан 100-110 метрдан кўпроқ чуқурликда жойлашган. Пхеньян метроси иккита йўналиш ва 17 та бекатдан иборат.
Энг узун метро
Дунёдаги энг узун метро Хитойнинг Шанхай шаҳридаги метро ҳисобланади. Унинг узунлиги 743 километрдан ошади. Бу Шанхайнинг деярли барча ҳудудларини қамраб оладиган ва ҳатто унинг чегараларидан ташқарисига ҳам чиқадиган улкан тармоқ. Шанхай метроси 23 та йўналиш ва 457 дан ортиқ бекатлардан иборат бўлиб, уни дунёдаги энг мураккаб ва тарвақайлаб кетган метролардан бири дейиш мумкин.
Кечаю кундуз ишлайдиган метро
Бу Дания пойтахти Копенгаген метроси. Копенгаген метроси узлуксиз 24 соат ишлайдиган дунёдаги ягона метро ҳисобланади. 2009 йилнинг 16 мартидан буён ана шундай режимда ишлайди . Йўловчилар тунги поездни 20 дақиқагача кутиши керак бўлади, тиғиз вақтда эса интервал оралиқ масофа икки дақиқани ташкил қилади.
Энг қисқа метро
Энг қисқа метро линияси Венесуэланинг Маракаибо шаҳридаги метро бўлиб, узунлиги 6,5 километр ва атиги 6 та бекатни ўз ичига олади.
Тошкент метроси
Тошкент метроси 1977 йил 6 ноябрда ишга тушган бўлиб унда дастлаб ҳозирги Олмазор-Амир Темур хиёбони йўналиши мавжуд эди. Айни пайтда Тошкент метрополитенининг умумий узунлиги 67,5 кмдан зиёд, бекатлар сони 48 та. Ҳозирги вақтда Ер усти метро йўлининг давомида яна 2 та бекатда қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу бекатлар ишга туширилгандан сўнг, Тошкент метрополитенининг умумий узунлиги 70 км дан ортади ва бекатлари сони 50 тага етади. Бу кўрсаткичлар орқали Тошкент метрополитени МДҲ давлатлари метролари рўйхатида Москва ва Санк-Петербург шаҳарларидаги метролардан кейинги 3-ўринга кўтарилади. Бугун Тошкент метрополитени бир кунда ўртача 520-550 минг нафар йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.