Доғистонда номаълум шахслар православ черкови ва синагогага ҳужум қилди

MAKHACHKALA. Kazinform – Дербент ва Махачқалъа шаҳарларида номаълум шахслар иккита православ черкови, синагога ва йўл полицияси бўлимига ҳужум қилди. Икки жангари йўқ қилинди, деб хабар беради ТАСС агентлиги.

теракт
Фото: Видеодан кадр

“Дербент ва Махачқалъа шаҳарларида иккита православ черкови, синагога ва йўл полицияси бўлимига ҳужум уюштирилди”, – деб ёзган Миллий аксилтеррор қўмитаси.

“Дербентдаги руҳоний ва Махачқалъадаги черков қўриқчиси ҳалок бўлди”, – деди Доғистон жамоатчилик назорати комиссияси раиси Шамиль Хадулаев.

Махачқалъада номаълум шахслар Ермошкин кўчасидаги йўл полицияси бўлимига ўт очди.

“Дастлабки маълумотларга кўра, олти нафар полициячи ҳалок бўлган, 12 нафари яраланган”, — деб ёзади Доғистон Ички ишлар вазирлиги.

Махачқалъада тўқнашувлар давом этмоқда, полиция патрул машинаси ёқиб юборилди.

Дербентнинг марказий қисми электр таъминотисиз қолди, шаҳарда тўқнашувлар давом этмоқда.

Гумонланувчилар қочиб кетган автомобиль қидирилмоқда. Белгилари: оқ Volkswagen Polo, рақами – 921.

Доғистоннинг Дербент шаҳридаги синагогада номаълум шахсларнинг ҳужумидан сўнг ёнғин чиқди, деб хабар берди шаҳар маъмурияти. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ёнғинни ўчирди ва изоляция қилди.

Доғистонда "Қўлга олиш" режаси эълон қилинди. Ҳужум қилганларнинг шахси аниқланмоқда.

“Икки жангари йўқ қилинди, хавфсизлик кучларининг иши давом этмоқда”, — дейилади Доғистон Ички ишлар вазирлиги баёнотида.

“Полиция ходимларига қилинган ҳужумдан сўнг тезкор штаб тузилди”, — деди вилоят раҳбари Сергей Меликов.

У Дербент ва Махачқалъадаги ҳужумларни ижтимоий вазиятни беқарорлаштиришга уриниш деб атади ва фуқароларни хотиржамликка чақирди.

Тергов қўмитаси террорчилик ҳаракати (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси) бўйича иш қўзғатди. Тергов қўмитасининг Доғистон бўйича вилоят бошқармаси раҳбарияти, терговчилари ва криминалистлари Дербентдаги воқеа жойига боришди.

Доғистоннинг бутун ҳудудида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди.

Доғистон Республикаси муфтийсининг Telegram-каналидаги янгиланган маълумотларга кўра, жангарилар ҳужуми натижасида Махачқалъа ва Дербентда 9 киши ҳалок бўлган, жумладан, етти нафар ҳуқуқ-тартибот идораси ходими, 25 киши жароҳатланган.

Сўнгги хабарлар