Дипломатик жанжал: Боку Парижнинг Франция фуқаросини озод қилиш талабига жавоб берди
Франция томони тушунтириш беришдан ёки терговда ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Бу ҳақда Озарбайжон ТИВ матбуот котиби Ойхон Ҳожизода Франция фуқаросининг ҳибсга олиниши муносабати билан Франция Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига жавобан маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу шахс ва Франция элчихонасининг икки ходими ўртасидаги ҳамкорлик масаласини ўрганиш мақсадида вазирлик Франциянинг Озарбайжондаги элчихонасига оғзаки нота юборганини маълум қилди.
- Франция томони тушунтириш беришдан ва терговда ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Шу муносабат билан бу икки элчихона ходими Озарбайжон томонидан номақбул шахслар деб эълон қилинди, — дея изоҳ берди матбуот котиби.
Вазирлик маълумотларига кўра, Франция фуқароси Мартин Райан 4 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддасида (жосуслик) назарда тутилган ҳаракатни содир этганликда гумонланиб, қўлга олинган. Кейинчалик суд қарори билан унга нисбатан 4 ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланди.
Айни пайтда адвокатнинг сўзларига кўра, Мартин Райан ўз айбига иқрор бўлмайди. "У шунчаки Франция разведка хизматлари томонидан алданган", деб ёзади маҳаллий ОАВ.
Linkedin маълумотларига кўра, Мартин Райан 2020 йил октябрь ойида Озарбайжонда ташкил этилган Merkorama ОАЖ бош директори бўлган. Компания дистрибьюторлик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хомашёни импорт қилиш билан шуғулланган.
Франция фуқаросининг жосусликда гумонланиб ҳибсга олинганини аввалроқ Озарбайжоннинг Париждаги элчиси Лейла Абдуллаева тасдиқлаган эди.
Кейинроқ Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги декабр ойи бошида Мартин Райаннинг Озарбайжон ҳукумати томонидан ҳибсга олинганини тасдиқлади. Франция томони Бокудан маҳбусни озод қилишни талаб қилиб, бу ҳаракатларини ноқонуний деб баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, 26 декабрь куни Озарбайжон икки нафар француз дипломатини 1961 йилги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясига зид бўлган фаолияти муносабати билан персона нон грата деб эълон қилган эди. Франция ҳукумати Боку ҳаракатларига жавоб тариқасида икки озарбайжонлик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди.
Муаллиф: Серикбол Қошмағанбетов