Деҳли аэропортида томнинг бир қисми қулаб тушди, бир киши ҳалок бўлди
ASTANA. Kazinform - Янги Деҳлидаги Индира Ганди халқаро аэропортида томнинг қисман қулаши оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, саккиз киши жабрланди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги BBCга таяниб хабар беради.

Воқеа кеча тунда IndiGo ва SpiceJet лоукостер авиакомпанияларининг парвозларига хизмат кўрсатадиган биринчи терминалнинг жўнаш қисмида содир бўлган.
Маълумотларга кўра, яқинда том таъмирланган ва кучли ёмғир туфайли қулаб тушган, бу аввалроқ Деҳлида йўлларни сув босишига олиб келган эди.
«Ҳодиса оқибатида 1-терминалдан барча рейслар вақтинча тўхтатилди ва хавфсизлик нуқтаи назаридан рўйхатга олиш пунктлари ёпилди. Биз содир бўлган воқеадан чин дилдан афсусдамиз ва юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз”, - дейилади аэропорт баёнотида.
Ҳиндистон пойтахтида иккинчи кун кетма-кет ёмғир ёғмоқда, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.