Давлат раҳбари Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори билан учрашди

ASTANА. Кazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Нгози Оконжо-Ивеалага эҳтиром кўрсатар экан, Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратишини таъкидлади, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Тоқаев
Фото: Ақорда

– Ишончимиз комилки, Сизнинг раҳбарлигингизда кўп томонлама халқаро савдо тизими мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва тенг шароит яратишга қаратилган катта ўзгаришларни бошдан кечиради. Сизнинг Алматига ташрифингиз жуда муҳим. Фурсатдан фойдаланиб, яқин ҳамкорлигимиз учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ташкилотга аъзо давлатлар вазирларининг 12-конференциясига раислик қилиш Қозоғистон учун катта масъулият ва шарафдир. Мазкур йиғилишда ЖСТ аъзолари ташкилотни ислоҳ қилиш бўйича муҳим қарорлар қабул қила олди, - деди Президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, глобал протекционизм ва савдо чекловлари кучайиб бораётганига қарамай, Қозоғистон очиқ иқтисодиётли давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга интилмоқда. Айни пайтда биз дунёнинг 180 та давлати билан савдо қиламиз. Кейинги уч йилда мамлакат ташқи савдоси ҳажми 53 фоизга ошиб, 160 миллиард долларга етди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

 

Президент яқинда Иқтисодиётни эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолаганини айтди. Мазкур ҳужжат ҳалол рақобатни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик эркинлигини сақлаш ва иқтисодиётда давлат улушини камайтиришга қаратилган.

Ўз навбатида, Нгози Оконжо-Ивеала ЖСТга аъзо давлатлар вазирларининг 12-конференцияси раиси сифатида Қозоғистоннинг халқаро савдо соҳасида муҳим қарорлар қабул қилинишига қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.

Давлат раҳбари шу кунларда Алмати шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё савдо сиёсати бўйича Иккинчи форумининг минтақада иқтисодий ҳамкорлик ва савдо-сотиқни ривожлантириш, қўшни давлатларнинг кўп томонлама савдо тизимига интеграциялашувини таъминлашдаги аҳамиятига эътибор қаратди.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон томони Нгози Оконжо-Ивеаланинг кўп томонлама савдо тизимини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси ва Жаҳон савдо ташкилотининг ролини юқори баҳолашини таъкидлади ва уни ІІ даражали “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.

Сўнгги хабарлар