Давлат раҳбари V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди

ASTANА. Kazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимини хорижий давлатлардан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар ва жамоатчилик билан бирга томоша қилди, дея хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Очилиш маросими
Фото: Ақорда

“Астана Арена” стадионида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Халқ Кенгаши Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов, Саха Республикаси Раҳбари Айсен Николаев, Мўғулистоннинг собиқ президенти Энхбаяр Намбарин, Жаҳон Этноспорт конфедерацияси президенти Билол Эрдоған шунингдек, ЮНEСКО, ОҲИЧК, БМТ жаҳон туризм ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ, Туркия инвестиция жамғармаси, Туркий давлатлар парламент ассамблеяси, Ислом спорт ассоциацияси, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги махсус вакили ва бошқа расмийлар иштирок этди.

очилиш маросими
Фото: Ақорда

 

Мусобақанинг очилиш маросимида қозоқ заминида истиқомат қилувчи турли миллат фарзандлари Қозоғистон Республикаси байроғини кўтариб чиқишди. Шундан сўнг Давлат мадҳияси янгради.

очилиш маросими
Фото: Ақорда

 

Ўрнатилган анъанага кўра, иштирокчи давлатлар спортчиларининг паради бўлиб ўтди. Бу йилги Кўчманчилар ўйинларига Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка, шунингдек, Австралиядан спортчилар ташриф буюришди.

очилиш маросими
Фото: Ақорда

 

Тантанали маросимда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев алоҳида нутқ сўзлаб, жаҳон миқёсидаги тадбирда иштирок этиш учун Қозоғистонга ташриф буюрган қардош давлатлар раҳбарларига, нуфузли меҳмонларга, спортчиларга самимий миннатдорчилик билдирди.

очилиш маросими
Фото: Ақорда

 

Президент кўчманчилар цивилизацияси жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган цивилизация эканини алоҳида таъкидлади.

Тоқаев Мирзиёев билан
Фото: Ақорда

 

- Буюк дашт кўчманчилари бепоён Евроосиёда қадимдан яшаб келган, улар жаҳон тараққиёти жараёнига туб ўзгаришлар олиб келган. Ўша даврнинг илғор технологиясининг эгаси бўлди. Кўчманчилар отни беш минг йил олдин хонакилаштиришган. Дунёни ларзага солган чавандозлар маданиятини яратди. Улар кучли қуроллар ва ажойиб тақинчоқлар ясади. Саклар даврининг олтин одамлари бунинг ёрқин далилидир. Қозоқ заминидан ал-Форобий, Хожа Аҳмад Яссавий каби алломалар етишиб чиққан. Улар илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшдилар. Ота-боболаримиз улкан давлатлар тузиб, катта шаҳарлар барпо этишган. Буюк даштда Ўтрор, Туркистон, Тараз, Саройчиқ каби шаҳарлар қурилган. Кўчманчи халқ Ғарб ва Шарқ ўртасида кўприк бўлиб, турли маданиятларнинг яқинлашишига таъсир кўрсатди. Бу ерда қадимги Ҳунлар империяси, кейин эса Турк хоқонлиги ҳукмронлик қилган. Уларнинг шонли йўлини Олтин Ўрда ва Қозоқ хонлиги давом эттирди, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Тоқаев Бердимуҳаммедов билан
Фото: Ақорда

 

Давлат раҳбари Кўчманчилар ўйинлари аждодлар омонат қилган бебаҳо меросни асраб-авайлаш, уни ёш авлодга етказиш мақсадидан келиб чиққан ноёб лойиҳа эканини таъкидлади.

Тоқаев Жапаров билан
Фото: Ақорда

 

– Ўн йил аввал бу мусобақани илк бор ташкил этган қирғиз биродарларимизга раҳмат айтаман. Бу дунёдаги энг йирик миллий спорт мусобақасидир. Уни “Кўчманчилар Олимпиадаси” деб аташ мумкин. Ушбу ўйинлар дашт цивилизациясини дунёга кўрсатади. Спорт ўзаро ҳурмат ва эҳтиром рамзидир. Спортнинг асосий вазифаси халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдан иборат. Қозоғистон бутун дунёга тинчлик ва тотувлик маскани сифатида танилган. Юртимизда турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда. Барча хорижий давлатлар билан яқин алоқалар ўрнатдик. Биз бошқа давлатлар бир-бири билан дўстона муносабатда бўлишини истаймиз. Шундай экан, Кўчманчилар ўйинлари ҳамжиҳатлигимизни мустаҳкамлайди, - деди Президент.

очилиш маросимидан
Фото: Ақорда

 

Бутун дунёни қамраб олган кўчманчилар цивилизациясининг бой маданияти ва ибратли тарихи ҳамда анъаналарини намоён этган, инсониятни умумий уйимиз – Она Еримизни асраб-авайлашга даъват этган очилиш маросими бир неча эпизодлар билан давом этди.

очилиш маросимидан
Фото: Ақорда

 

Бундан ташқари, маросимда V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ташкилий қўмитаси раиси Роман Скляр, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси президенти Билол Эрдоған сўзга чиқди.

Очилиш
Фото: Ақорда

 

Сўнгги хабарлар