Давлат раҳбари уй-жой сиёсатини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади
ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига уй-жой сиёсатини ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қозоғистон Республикаси Қонунини имзолади.
Қонун фуқаролар ва ватандошларнинг уй-жой шароитларини яхшилашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.
Ўзгартиришларнинг биринчи блокида Давлат раҳбари топшириғига кўра, “Отбасы банк” негизида уй-жой учун навбатга қўйиш, ҳисобга олиш ва тақсимлашни бир марказдан амалга оширадиган комплекс ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш институтини ташкил этиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, “Отбасы банк” томонидан хусусий уй-жой фондидан ижарага олинган уй-жойлар учун ижара ҳақининг бир қисмини субсидиялаш, имтиёзли уй-жой ипотека кредитлари бериш давом эттирилади.
“Отбасы банк” уй-жой ажратишда уй-жойга муҳтож фуқароларнинг рўйхатга олинган санаси ва даромад даражасини ҳисобга олади. Бу, биринчи навбатда, узоқ вақтдан бери уй-жой кутаётган одамларга уй-жой олиш имконини беради.
Ўзгартиришларнинг иккинчи блоки уй-жойга муҳтож одамлар учун қўшимча кафолатлар жорий этишни назарда тутади.
Ўзгартиришларнинг учинчи блоки давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доирасида тақдим этилаётган уй-жойга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш механизмини тартибга солувчи қоидаларни тўлдиради ва аниқлайди.
Ўзгартиришларнинг тўртинчи блоки ер қонунчилигининг, қурилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг айрим қоидаларини такомиллаштиришга, жисмоний шахсларнинг омонатларини кафолатлашга қаратилган.
Қонун матни матбуотда эълон қилинади.