Давлат раҳбари номига Республика куни муносабати билан табриклар келишда давом этмоқда
Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ўз табригида Қозоғистон ва Германия ўртасидаги ўзаро ишонч ва шерикликка асосланган муносабатлар сўнгги 30 йил ичида ҳайратланарли даражага кўтарилганини таъкидлади.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги яқин алоқалар нафақат олий даражадаги сиёсий учрашувларда, балки турли соҳалардаги муваффақиятли ҳамкорликда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Германия келажакда Қозоғистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб қолади ва сиз бошлаган ислоҳотларни давом эттиришни қўллаб-қувватлайди”, — дейилади телеграммада.
БАА Президенти Муҳаммад бин Зоид Ал Наҳаян Қосим-Жомарт Тоқаевни Миллий байрам билан табриклаб, Қозоғистон халқига юксалиш ва фаровонлик тилаган.
Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисий ўз телеграммасида Миср ва Қозоғистон икки мамлакат халқларининг порлоқ келажаги йўлида кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун катта имкониятларга эга эканлигини ёзди.
Эрон Президенти Иброҳим Раисий икки давлатнинг савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги фаол ҳамкорлиги икки томонлама муносабатлар ривожига янги суръат бағишлаганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Куба Президенти Мигель Марио Диас-Канель Бермудес, Эфиопия Президенти Сахле-Ворк Зевде, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос, Кипр Президенти Никос Христодулидис, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хиссейн Брахим Таха, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омиралиев, Туркия инвестиция жамғармаси президенти Бағдат Амреев ва бошқалар ўз табрик телеграммаларини йўллади.
Табрик телеграммалари ҳамон келаяпти.