Астанада “Марказий Осиё – Хитой” медиафоруми бўлиб ўтмоқда

ASTANA. Kazinform - Пойтахтда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой оммавий ахборот воситалари мутахассислари иштирокида форум бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

помощник Президента по вопросам внутренней политики и коммуникаций Арман Кырыкбаев.
Фото: Виктор Федюнин / Kazinform

Медиафорумнинг очилиши ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг табрик сўзи билан бошланди:

“Азиз дўстлар! Сизларни Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган форумнинг очилиши билан табриклайман. ОАВ соҳасида келишув ва ишончга асосланган ушбу йиғилиш ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Бугун дунё катта ўзгаришларни бошдан кечирмоқда ва журналистларнинг маданиятлар ва жамиятлар ўртасидаги кўприк роли ҳар қачонгидан ҳам катта. Баркамол ва мувозанатли ахборот сиёсати ҳамжиҳатлигимиз ва барқарор тараққиётимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Замонавий дунёда медиа соҳаси тинчлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва тотувликни таъминлашда муҳим воситага айланиб бормоқда. Бу борада Хитой Халқ Республикаси Раиси жаноб Си Цзиньпиннинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси катта аҳамиятга эга. Ушбу ноёб лойиҳа глобал ҳамкорлик концепцияси сифатида халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланди. Қозоғистон Хитой Халқ Республикаси билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради. Самарали мулоқотга интилаётган мамлакатларимизнинг манфаатлари ва мақсадлари муштарак. Давлатлар бир-бирини яқинроқ билиши ва глобал муаммоларга биргаликда ечим излаши муҳим. Бунга катта масъулият юкланган оммавий ахборот воситалари вакиллари салмоқли ҳисса қўшиши мумкин. Бундай кенг кўламли учрашувлар Евроосиё маконида барқарорлик, очиқлик ва бунёдкорлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ишончим комилки, форумда минтақадаги барча давлатлар учун манфаатли бўлган янги ғоялар, доно фикрлар билдирилади. Барчангизга фаровонлик ва улкан муваффақиятлар тилайман”, - Президент табригини Давлат раҳбарининг ички сиёсат ва коммуникациялар бўйича ёрдамчиси Арман Қириқбаев ўқиб эшиттирди.

Форумнинг мавзуси: “Оммавий ахборот воситалари билан Ипак йўли: Хитой ва Марказий Осиё учун умумий тақдир ҳамжамиятини яратиш”.

Медиафорум ташкилотчилари: “Жэньминь жибао” газетаси ва Қозоғистон Республикаси Президентининг Телерадиокомплекси. Тадбирда 140 га яқин соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

Сўнгги хабарлар