Давлат раҳбари Халқаро кураш федерацияси президенти Ненад Лаловични қабул қилди

ASTANА. Кazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев кураш мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида обрў-эътиборини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шунингдек, жаҳон турнирларида муваффақиятли иштирок этаётган юрт курашчилари эришаётган ютуқларни ҳам юқори баҳолади.

Давлат раҳбари Халқаро кураш федерацияси президенти Ненад Лаловични қабул қилди
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Қозоғистоннинг Халқаро кураш федерацияси билан стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятида эканини маълум қилди. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, инфратузилмани такомиллаштириш, ўқитишнинг илғор усулларини жорий этиш, мамлакатда халқаро турнирлар ўтказиш ушбу спорт турининг оммавийлиги ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Ненад Лалович Қасим-Жомарт Тоқаевга меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдириб, ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди. У Қозоғистонни федерациянинг муҳим ҳамкори сифатида қайд этиб, миллий кураш мактаби эришаётган улкан ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтди. Ненад Валовичнинг фикрича, қозоғистонликларнинг соғлом миллатни шакллантиришга интилиши спорт ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришишга хизмат қилмоқда.

Учрашувда Қозоғистоннинг жаҳон спорт ҳамжамиятидаги обрўсини мустаҳкамлаш ва курашни устувор спорт тури сифатида янада оммалаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Давлат раҳбари Қозоғистонда курашни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Халқаро кураш федерацияси президентини II даражали “Достық” ордени билан тақдирлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийяртони қабул қилган эди.

Сўнгги хабарлар