Давлат раҳбари Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визерни қабул қилди
ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визерни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Қасим-Жомарт Тоқаев Мариус Визерга дзюдони ривожлантириш ва оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди. Президентнинг таъкидлашича, Қозоғистонда спортнинг ушбу турига қизиқиш катта. Айниқса, болалар ва ёшлар орасида машҳур.
– Ташрифингиз Қозоғистон ва Халқаро дзюдо федерацияси ўртасидаги ҳамкорликка янги туртки бериш нуқтаи назаридан жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Бугун жаҳон спорт жамоатчилигида дзюдонинг ўрни катта. Қозоғистонда дзюдо жуда машҳур спорт туридир. Мамлакатда кўплаб секциялар ва ўқув марказлари мавжуд. У ерда 160 мингдан ортиқ киши, жумладан, болалар машқ қилади. Биз Елдос Сметовнинг яқинда Париж Олимпиадасида ғолиб чиққанидан фахрланамиз. Шу боис Халқаро дзюдо федерацияси билан алоқаларни ривожлантириш, ҳамкорликни фаоллаштириш ниятидамиз, – деди Давлат раҳбари.
Мариус Визер Қасим-Жомарт Тоқаевга Қозоғистонда дзюдо ривожини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
- Қозоғистонга келиш мен учун катта шарафдир. Нафақат дзюдо, балки ижтимоий интеграция ва тинчликнинг ягона механизми ҳисобланган спорт ҳаракатини қўллаб-қувватлаётганингиз учун Сиз ва мамлакатингиздан миннатдорман. Дзюдо жамоасининг барча аъзолари ягона мақсад сари интилишади. Бу - жамиятда муносиб ўрин эгаллайдиган фуқарони тарбиялаш, – деди Мариус Визер.
Унинг айтишича, Халқаро дзюдо федерацияси ташаббуси билан Астанада IJF академиясини очиш режалаштирилган. Бу Минтақадаги юқори тоифали мураббий ва ҳакамларни тайёрлаш марказларидан бири бўлади.
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Мариус Визер Қозоғистон Халқаро дзюдо федерацияси билан узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. Бундан ташқари, 2027 йилда мамлакатда бўлиб ўтадиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш масалаларини ишлаб чиқди.
Учрашув якунида Давлат раҳбари Мариус Визерни Қозоғистонда дзюдони оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун ІІ даражали «Достық» ордени билан тақдирлади.