Давлат раҳбари: «Халқ қурилиши» — миллат тараққиёти учун кенг йўл очадиган лойиҳа бўлади

ASTANA. Kazinform — Қут-барака ёғилган қозоқ замини энди улкан қурилиш майдонига айланади. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қишлоқ хўжалиги ходимларининг III форумида маълум қилди.

Уповать на авось — непозволительная роскошь — Токаев о необходимости развития агрострахования
Фото: Акорда

“Қозоқ халқида «меҳнат инсонни юксалтиради» деган нақл бор. Дарҳақиқат, ўз ишини ҳалол бажариб, зиммасидаги вазифаларга катта масъулият билан ёндашадиган фуқаролар туфайли мамлакатимиз ўсиш ва юксалиш даврига қадам қўймоқда. Биз бунёдкор ва илғор фикрлайдиган миллат сифатида доимо узоқни кўзлаймиз. Юрт манфаати йўлида фақат юксак мақсадлар сари интиламиз. Давлат раҳбари сифатида ушбу мақсадларга содиқ қолиш мен учун муқаддас бурчдир. Бу йилги Мурожаатномада ўз аксини топган «Халқ қурилиши» дастури бунинг яққол далилидир. Бу дегани, қут-барака ёғилган қозоқ замини энди улкан қурилиш майдонига айланади. Олдимизда турган қурилиш режаси кўлами жиҳатидан ҳақиқатан ҳам улкан ва ноёбдир”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президентнинг маълум қилишича, мамлакатнинг барча ҳудудларида поликлиникалар, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар, маданият ва спорт иншоотлари, яъни халқимизнинг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган муҳим ижтимоий объектлар барпо этилади. Сифатли йўллар қурилади, атом, сув ва электр станциялари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари барпо этилади.

“Шу тариқа давлатимизнинг қиёфаси ва кўриниши, иқтисодиётимизнинг таркиби сезиларли даражада ўзгаришига шубҳа йўқ. Бир вақтнинг ўзида барча соҳалар ва ҳудудларни қамраб оладиган бундай улкан қурилиш мамлакатимиз тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаганини яхши биласиз. «Халқ қурилиши» халқимиз қўллаб-қувватлайдиган ва миллат тараққиёти учун кенг йўл очадиган лойиҳа бўлади”, — деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, умуммиллий лойиҳада ишлаб чиқариш корхоналари ҳам, маҳаллий тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этади. Янги иш ўринлари яратилади. Фуқароларнинг даромади ортиб, турмуш сифати яхшиланади.

“Пировардида халқ қурилишининг самараси ва неъматларини Қозоғистоннинг ҳар бир фуқароси, айниқса, ёш авлод вакиллари ҳис қилади. Шунинг учун биз «Қурилиш ва яна қурилиш» шиорини ватанпарварлик даъватига айлантириб, ягона жамиятимиз манфаатлари йўлида Адолатли Қозоғистоннинг ҳар бир ғиштини биргаликда қўямиз. Мен бунга қатъий ишонаман”, — деди Президент.