Давлат раҳбари Бош вазир Олжас Бектеновни қабул қилди
ASTANА. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаевга 2024 йилнинг учинчи чорагидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ҳақида маълумот берилди.
Давлат раҳбарининг топшириқлари ижроси доирасида иқтисодиётни диверсификация қилиш чора-тадбирлари кучайтирилди. Ҳисобот даврида нохомашё секторининг ривожланиши натижасида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 4 фоизни ташкил этди. Тармоқлар бўйича энг юқори ўсиш қишлоқ хўжалиги (11,4%), қурилиш (10,1%), транспорт (8%), алоқа (6,4%), савдо (6,3%), ишлаб чиқариш (4,8%) бўлди. 14 та ҳудудда қайта ишлаш саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошди.
Жорий йилнинг январь-август ойларида ташқи савдо айланмаси 91,7 миллиард долларни ташкил этиб, шундан экспорт улуши 3,3 фоизга ошди. Ижобий савдо баланси 34,8 фоизга ошиб, 15,4 миллиард долларга етди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга маълум қилинишича, мамлакат бюджетига 14,9 триллион тенге тушган. Ижтимоий тўловлар бюджет харажатларининг асосий қисмини ташкил қилади.
Шу билан бирга, Давлат раҳбарига ноқонуний йўл билан олинган мулкларни қайтариш бўйича вазифаларнинг бориши ҳақида сўзлаб берилди. Йил бошидан буён комиссия 450 миллиард тенгега яқин активларни қайтариш бўйича келишувларни тасдиқлади. Бугунги кунда 265 миллиард тенгега тенг активлар, жумладан, 177 миллиард тенге нақд пул давлатга қайтарилди. Қайтарилган барча маблағлар катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларга сарфланади. “Ноқонуний йўл билан орттирилган мулкни давлатга қайтариш тўғрисида”ги қонуннинг субъектлари томонидан қатор лойиҳалар, хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини реабилитация қилиш ва ижтимоийлаштириш дастурлари, маданий-маърифий марказ ва спорт майдончаси қуриш лойиҳалари молиялаштирилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Исломободда бўлиб ўтган йиғилиши якунлари ҳақида маълумот берилди.
Президент Ҳукумат фаолиятини жонлантириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, агросаноат мажмуасида инновацияларни ривожлантириш, йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали унинг барқарор ўсишини таъминлаш чора-тадбирларини давом эттириш бўйича топшириқлар берди.