Давлат раҳбари Астана шаҳридаги янги 23-сонли ёнғин хавфсизлиги бўлимига ташриф буюрди
ASTANА. Кazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев пойтахтда қисқа муддатда қуриб битказилган ёнғин хавфсизлиги бўлими фаолияти билан танишди. Бу ерда ўт ўчирувчилар 96 мингдан ортиқ аҳолиси бўлган Алмати туманига хизмат кўрсатади.
Бўлимнинг ёнғин хавфсизлиги ҳудудига “Жануби-Шарқ” турар-жой массиви, шунингдек, Тинчлик ва келишув саройи, Тауелсиздик(Мустақиллик) саройи, Ҳазрат Султон масжиди, “Нурли йўл” вокзали каби муҳим объектлар киради. Иш бошлаганидан кейин икки ой ичида ўт ўчирувчилар деярли 200 сигналга жавоб беришди.
Юқори сифатли ва тез йиғиладиган модулли материаллардан тайёрланган ёнғин станцияси функционал жиҳатдан жуда мос келади. Бинода иш, назорат хонаси, дам олиш хоналари, дарсхона ва ошхона мавжуд. Ёпиқ автотураргоҳ олтита махсус машинани сиғдира олади.
Президентга ўт ўчириш ва қутқарув ишларини олиб боришга мўлжалланган замонавий жиҳозлар кўрсатилди. Бундан ташқари, кўп қаватли уйлардаги ёнғинларни ўчиришда фойдаланиладиган дронларнинг ишлаши намойиш этилди.
Давлат раҳбари ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари билан суҳбатлашар экан, бундай замонавий модулли ўт ўчириш пунктлари мамлакатнинг барча ҳудудларида зарурлиги, лойиҳа кўлами янада кенгайишини таъкидлади. Президент таъкидлаганидек, ўт ўчирувчилар ва қутқарувчиларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уй-жой билан таъминлаш ишлари давом эттирилади.
Қасим-Жомарт Тоқаев янги қурилган икки қаватли ётоқхонада бўлди. Шунингдек, ётоқхонага жойлашиб олган ўт ўчирувчиларнинг оила аъзоларини табриклади.
Шундан сўнг 23-сонли янги ёнғин хавфсизлиги бўлимига спорт анжомлари совға қилинди.