Дания Трампнинг баёнотидан кейин Гренландия мудофаасини кучайтирди

ASTANA. Kazinform - Дональд Трамп Арктика ҳудудини қўлга киритиш истагини билдирганидан сўнг Дания ҳукумати Гренландия учун мудофаа харажатларини оширишини маълум қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги BBCга таяниб.

Гренландия
Фото: Shtutterstock

Дания мудофаа вазири Троэльс Лунд Поульсеннинг маълум қилишича, пакет Дания кронасида “икки рақамли миллиардлар” ёки камида 1,5 миллиард долларга тенг бўлади.

Унинг сўзларига кўра, пакет иккита янги текширув кемаси, иккита янги узоқ масофали учувчисиз самолёт ва иккита қўшимча итлар чанаси гуруҳини сотиб олишга имкон беради.

Шунингдек, у пойтахт Нуукдаги Арктика қўмондонлиги ходимларини кўпайтириш ва Гренландиянинг учта асосий фуқаролик аэропортларидан бирини замонавий F-35 қирувчи самолётларига хизмат учун модернизация қилиш мақсадида маблағ ажратади.

— Биз кўп йиллардан буён Арктикага етарлича сармоя киритмадик, энди ўз иштирокимизни кучайтиришни режалаштирмоқдамиз, — деди Троэльс Лунд Поульсен.

Мудофаа вазири пакетнинг аниқ миқдорини айтмади, аммо Дания оммавий ахборот воситалари уни тахминан 12-15 миллиард кронга баҳолади.

Эслатиб ўтамиз, Гренландия Даниянинг автоном ҳудуди бўлиб, у ерда Американинг йирик «Пайтуфик» космик базаси жойлашган. Орол АҚШ учун стратегик аҳамиятга эга, чунки у Европага энг қисқа йўлда жойлашган. Гренландия фойдали қазилмалар ва нефтнинг катта захираларига эга.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп аввалроқ оролга эгалик қилиш Қўшма Штатлар учун “мутлақ зарурат” эканини айтган эди.

Трамп, шунингдек, агар Америка кемаларига адолатли муносабатда бўлмаса, Панама канали АҚШ мулкига қайтарилишини талаб қилиш ғоясини илгари сурди.

Сўнгги хабарлар