Данил Васильев ёзги Гран-при мусобақаларида тарихий натижага эришди

ASTANA. Kazinform — Трамплиндан чанғида сакраш бўйича Қозоғистон терма жамоаси спортчиси Данил Васильев ёзги Гран-при мусобақаларининг умумий ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Данил Васильев
Фото: ҰОК

Сериянинг сўнгги босқичи Германиянинг Клингенталь шаҳрида бўлиб ўтди. Мавсум якунларига кўра, ҳамюртимиз 201 очко тўплаб, энг кучли уч спортчи қаторидан жой олди.

Умумий ҳисобда 450 очко тўплаган япониялик Наоки Накамура ғолиб бўлди. Иккинчи ўринни 216 очко билан австриялик Даниэль Чофениг эгаллади. Швейцариялик Грегор Дешванден эса 196 очко билан тўртинчи ўринни банд этди.

Шу тариқа, Данил Васильев ёзги Гран-при мусобақаларининг умумий ҳисобида учинчи ўринни эгаллаб, трамплиндан чанғида сакраш бўйича Қозоғистон тарихидаги муҳим ютуқлардан бирига эришди.