COVID-19 туфайли семириб кетган болалар сони ортди – ЖССТ

COVID-19
Фото: ЮНИСЕФ/Ж.Каримова

ASTANA. Kazinform – COVID-19 пандемияси ортиқча вазнли ва семиз мактаб ўқувчилари сонининг кўпайишига олиб келди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюросининг янги ҳисоботида айтилади, деб хабар беради БМТ ахборот сайти.

Мактаб ёшидаги болаларнинг хулқ-атвори ва кундалик тартибларини ўрганиш 2021-2023 йиллар оралиғида ЖССТ Европа минтақасига аъзо 53 та давлатнинг 17 тасида ўтказилди. Унда 50 мингдан ортиқ бола иштирок этди.

Ҳисобот 7-9 ёшдаги ортиқча вазнли болалар сонининг кўпайишини тасдиқлайди. Ташкилот мутахассисларининг фикрича, пандемия даврида болалар компьютер экрани ва бошқа қурилмалар қаршисида кўпроқ вақт ўтказиши ва жисмоний фаоллиги камлиги билан боғлиқ.

Бундан ташқари, тадқиқот натижаларига кўра, сўровда қатнашган болаларнинг 42 фоизи ўзларини аввалгидан кўра бахтсизроқ ҳис қилган. Ҳар бешинчи бола тушкунликда юришини, ҳар тўртинчиси эса ёлғизликни ҳис қилишини айтди.

ЖССТ пандемияси болаларнинг семиришига қарши курашишнинг шошилинч зарурлигини таъкидлади: минтақа мамлакатлари ривожланишнинг барча босқичларида болаларнинг овқатланиши ва жисмоний фаоллигига устувор аҳамият беришлари керак. Бунга эришиш учун ташкилот носоғлом маҳсулотлар рекламаси ва уларга солиқ солишни чеклаш, озиқ-овқат маҳсулотларини аниқ белгилаб қўйиш ва диетани яхшилаш, мактабларда жисмоний фаолликни рағбатлантириш чораларини таклиф қилди.

Сўнгги хабарлар