Чўлпон-Отада Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди: олтита ҳужжат имзоланди
ASTANA. Kazinform – Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши доирасида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Евроосиё ҳукуматлараро кенгашига аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари билан жамоавий учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.
Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди. Учрашувда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли сиёсий мулоқот ва ўзаро англашувга асосланган иттифоқчилик муносабатлари янада мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Сўнгги беш йилда Қозоғистон–Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошиб, 2,2 миллиард АҚШ долларига етди.
Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ички бозорини янада ривожлантириш, соҳавий интеграцияни чуқурлаштириш, рақамли ҳамкорликни кенгайтириш, молиявий-иқтисодий механизмларни такомиллаштириш ҳамда аъзо давлатларнинг қўшма ишларини мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Евроосиё иқтисодий комиссияси кун тартибидаги масалалар бўйича ҳисоботлар тақдим этди. Хусусан, юк темир йўл ташувлари ва транспорт йўлакларини рақамлаштириш, электрон савдо, иқлим соҳасидаги ҳамкорлик ва бошқа йўналишлар муҳокама қилинди.
Олжас Бектенов Президент раҳбарлигида барча давлатлар билан очиқлик ва конструктив ҳамкорликка асосланган Адолатли ва Илғор Қозоғистонни ривожлантириш сиёсати изчил амалга оширилаётганини таъкидлади. Янги Конституцияда назарда тутилган кенг қамровли институционал ислоҳотлар инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароит яратаётганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги ташқи қийинчиликлар шароитида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш аҳамияти янада ортмоқда. 2025 йилда ЕОИИ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 95 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 7,3 фоизга ўсиб, 102 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши фаолиятининг устувор йўналишлари қаторига рақамли савдо механизмларини ривожлантириш, ЕОИИнинг интеграциялашган ахборот тизими доирасида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг аъзо давлатлар бозорларига эркин киришини таъминловчи механизмларни такомиллаштириш киради.
Озиқ-овқат саноати соҳасида Қозоғистоннинг экспорт салоҳияти изчил ортиб бораётгани қайд этилди. 2025 йил якунларига кўра, чорвачилик ва ўсимлик маҳсулотлари, шунингдек, тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти қарийб 7 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Шунингдек, бизнес вакилларининг ҳамкор давлатлар бозорларига парранда гўшти ва сут маҳсулотларини етказиб беришда юзага келаётган тўсиқлар ҳақидаги мурожаатлари инобатга олиниб, Қозоғистон томони ЕОИИ мажбуриятларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларининг Иттифоқ мамлакатлари бозорларига кириш шартларини мунтазам ва комплекс мониторинг қилиш мақсадга мувофиқ эканини билдирди. Мавжуд масалаларга изчил ва холис ёндашув ҳамда савдодаги тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш ўзаро савдо ривожига сезиларли туртки бериши таъкидланди.
Бундан ташқари, миллий иқтисодиётларни барқарор ривожлантиришда рақамлаштиришнинг муҳим ўрни алоҳида қайд этилди. Жорий йил май ойида Астана шаҳрида аъзо давлатлар раҳбарлари ЕОИИ доирасида сунъий интеллектни масъулиятли ривожлантириш бўйича қўшма баёнотни имзолаган эди. Ҳужжат мазкур соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илғор тажриба алмашишга қаратилган. Қозоғистонда рақамли трансформация мамлакат тараққиётининг стратегик устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Қозоғистон рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект соҳасида тажриба алмашиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо тайёр эканини маълум қилди.
Йиғилишда, шунингдек, Беларусь ва Арманистон бош вазирлари, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент администрацияси раҳбари, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат сифатида Ўзбекистон Бош вазири, Эрон Ислом Республикаси ва Куба Республикаси вакиллари, шунингдек, Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси ҳам сўзга чиқди.
Йиғилиш якунида олтита ҳужжат имзоланди. Улар орасида ЕОИИда товарларнинг электрон савдоси тўғрисидаги келишув ҳам бор. Ушбу ҳужжатни амалга ошириш электрон тижоратни жадал ривожлантириш, бизнес учун янги имкониятлар яратиш ҳамда иштирокчиларнинг ҳамкор давлатлар бозорларига чиқиши учун янада қулай шарт-шароитларни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Иттифоққа аъзо давлатларда илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатларни ўзаро тан олиш ҳақидаги келишув ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор қарорлар қабул қилинди.
Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши 1–2 октябрь кунлари Беларусь пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтади.