Чимкентлик шифокорлар ўпкаси 95 фоиз шикастланган ҳомиладор аёлни чақалоғи билан қутқариб қолишди

None
None
SHYMKENT. Kazinform - Чимкентда ўпкаси 95 фоиз шикастланган онадан туғилган чақалоқ шифохонадан чиқарилди. Гўдакнинг аҳволи барқарор, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Икки ойга яқин вақтдан бери Чимкент шаҳридаги 2-сонли шифохона туғруқхонасида ётган чақалоқни шифокорлар бугун уйига юборишди.

36 ёшли ҳомиладор аёл 2021 йилнинг 16 декабр куни тез ёрдам машинасида оғир аҳволда шаҳар шифохонасига олиб келинган.

Шифокорлар беморни кўздан кечириб, ўпкасининг 95 фоизи шикастланганини аниқлади ва у реанимация бўлимига ётқизилди.

Малакали шифокорлар бригадаси зудлик билан консултация ўтказиб, ҳомиладор аёлни шифохонада жарроҳлик усули ёрдамида туғдирди.

«Туғилгандан кейин она 19 кун давомида реанимация бўлимида даволанди. Аҳволи яхшилангач, палатага ўтказдик. Бемор тўлиқ тузалиб, шифохонадан чиқарилди», — деди 2-шаҳар шифохонаси бўлим мудири Гулсим Байдилдаева.

Эрта туғилган чақалоқнинг вазни бор-йўғи 980 грамм эди.

Чақалоқ оғир аҳволда тахминан бир ой давомида реанимация бўлимида ётди. Бундан ташқари, қон қуйиш ва интенсив терапия ёрдами кўрсатилди.

Ҳозир чақалоқнинг вазни 2094 грамм.

«Бугун биз учун бахтли кун. Қизимиз Айназни эсон-омон уйига юбордик. Туғруқхона ходимлари 54 кун давомида кичик фариштани парваришлашди ва даволашди. Бугунги кунда гўдакнинг вазни икки килограммдан ошди», — деди шаҳар шифохонаси туғруқхонаси мудири Насиба Қорғанбаева.

Ҳозирда она ва бола ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқ, дейди мутахассислар.

Сўнгги хабарлар
telegram