Чимкентда болалар учун янги спорт мажмуаси қурилмоқда

Спорт мажмуасида «Шапирашти», «Сайрам», «Ўтемис» аҳоли массивларида яшовчи болалар ўйнаши мумкин бўлади. Бу ерда қозоқ кураши, эркин кураш, дзюдо, каратэ, мини-футбол секциялари фаолият юритади. Шунингдек, стадионда ёпиқ футбол майдони бўлади. Мажмуа қурилиши 2022 йилнинг ноябрь ойида бошланган. Объект жорий йилнинг август ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Бино якка тартибдаги тадбиркорлар маблағи ҳисобидан қурилмоқда. Минг болага мўлжалланган ижтимоий иншоот лойиҳасининг қиймати 168 миллион тенгени ташкил этади. Спорт мажмуасида болалар спортнинг беш тури билан бепул шуғулланишади. Мураббийлар учун ётоқхона ҳам мавжуд бўлиб, улар оиласи билан яшаши мумкин.
«Спорт мажмуасини қуриш учун 40 сотих ер майдони ажратилган. Давлатдан маблағ жалб этилмаган. Биз фақат хусусий инвестициялар билан шуғулланамиз. Жами сармоя миқдори 200 миллион тенгега яқин», — деди Қаратау тумани ҳокими ўринбосари Азамат Парманов.