Чимкентда 35 минг ўринли мамлакатдаги энг йирик стадионнинг тамал тоши қўйилди
ŞYMKENT. Кazinform - Чимкентда энг йирик халқаро стадионнинг тамал тошини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими Ғабит Сиздиқбеков ва бир қатор футболчилар иштирок этди.

Мазкур спорт иншооти “Бўзариқ-2” кичик тумани ҳудудида жойлашган. Қурилиши жорий йилда бошланадиган аренанинг майдони 21 гектар бўлиб, 35 минг томошабинга мўлжалланган. Стадион қурилишини 2026 йилнинг ўрталарида якунлаш режалаштирилган.


Қайд этиш керакки, бугунги кунда шаҳарда Қажимуқан Мунайтпасов номидаги биттагина “Марказий” стадиони мавжуд. Ушбу спорт иншооти 1969 йилда фойдаланишга топширилган. Сиғими - 18 минг ўрин. Совет даврида "Октябрнинг 50 йиллиги" деб номланган. СССР чемпионатларида Чимкентнинг “Металлург”, “Мелиоратор”, “Синтез”, “Дўстлик” клублари ўз майдонларида учрашувларини ўтказишди. Кейинчалик, 2003 йилдан бошлаб у маҳаллий "Ордабаси" клубининг асосий аренасига айланди.


Чимкент ҳокими Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевга шаҳарни 2023 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этар экан, шаҳар учун замонавий стадион зарурлигини маълум қилди. Ўшанда Президент жорий йилда янги стадион қурилишини бошлаш бўйича топшириқ берган эди.