Чимкент шаҳрида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилди

Ўзбек тили ва маданияти маркази
Фото: «Дунё» АА

Чимкент шаҳридаги Жумабек Ташенов номидаги университети қошида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги dunyo.uzга таяниб.

Ушбу марказ Жумабек Ташенов номдаги университети ва Андижон давлат педагогика институти ўртасида тузилган Ҳамкорлик меморандуми асосида ташкил этилди.

Қайд этиш керакки, мазкур университетда «Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари» дастури асосида бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда.

Университет ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция доирасида Ўзбек тили ва маданияти марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Андижон давлат педагогика институти ректори Бахтиёр Расулов бошчилигидаги Ўзбекистон олий таълим муассасалари вакилларидан иборат делегация қатнашди.

Қозоғистон томони Ўзбек тили ва маданияти марказининг ташкил этишда муносиб ҳисса қўшган Андижон давлат педагогика институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчиларига миннатдорлик билдирди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, ушбу марказнинг очилиши Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган таълим ва маданият соҳаларидаги ўзаро муносабатларни амалий мазмун билан бойитишини қайд этдилар.

Таъкидланганидек, марказ Ўзбекистоннинг миллий маданияти, адабиёти ва урф одатларини кенг тарғиб қилиш имконини беради.

Сўнгги хабарлар