Чегарада 9 соат кутиш даври тугади: Қозоғистонда нималар ўзгарди
ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда чегарадаги ўтказиш пунктларини модернизация қилиш ишлари натижасида транспорт воситаларини ўтказиш ва божхона расмийлаштируви вақти сезиларли даражада қисқарди. Сўнгги уч йилда бу мақсадлар учун 118,6 миллиард тенге йўналтирилиб, бир қатор ўтказиш пунктлари замонавий рақамли тизимлар билан жиҳозланди.
Ҳукумат матбуот хизматининг хабар беришича, 2025 йилда ЕОИИ ташқи чегарасидаги 9 та автомобиль ўтказиш пунктини модернизация қилиш ишлари якунланди. Жорий йил октябрь ойида Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасидаги «Жібек жолы» ўтказиш пунктини модернизация қилиш ишлари ҳам якунланади. Шунингдек,
Транспорт вазирлиги ЕОИИнинг ички чегараларидаги автомобиль ўтказиш пунктларини янгилаш ишларини давом эттирмоқда.
Бугунги кунда Қозоғистоннинг давлат чегарасида 70 та ўтказиш пункти фаолият юритади. Уларнинг 51 таси автомобиль, 5 таси темир йўл, 10 таси ҳаво ва 3 таси денгиз ўтказиш пункти бўлса, 1 та ўтказиш пункти «Қорғас» ЧЯҲХМ ҳудудида жойлашган. 51 та автомобиль ўтказиш пунктининг 14 таси ЕОИИ ташқи чегарасида, яна 37 таси Россия ва Қирғизистон чегараларида жойлашган.
Уч йилда чегарадан ўтиш вақти 9 соатдан 30 дақиқагача қисқарди
Сўнгги уч йилда ўтказиш пунктларини модернизация қилиш учун 118,6 миллиард тенге йўналтирилди. Шу даврда ЕОИИ ташқи чегарасидаги 11 та автомобиль ўтказиш пункти янгиланди. Қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиб, инфратузилма кенгайтирилди, объектлар замонавий текширув воситалари билан жиҳозланди.
Айрим ўтказиш пунктларида ҳаракат йўлаклари сони 2 тадан 6 тагача кўпайтирилди, кириш ва чиқиш ҳудудлари қайта жиҳозланди, юк ва йўловчи ташиш оқимлари ажратилди. Замонавий инспекцион-текширув, вазн ва габаритларни автоматик назорат қилиш мажмуалари, радиацион назорат, видеокузатув ва транспорт воситаларини идентификация қилиш тизимлари ўрнатилди. Текширувнинг айрим жараёнлари узлуксиз режимга ўтказилди: зарур параметрлар автомобиллар ҳаракати вақтида бевосита қайд этилиб, ахборот тизимларига автоматик равишда юборилади.
Инфратузилмани кенгайтириш ва назоратни автоматлаштириш ҳисобига автомобиль ўтказиш пунктларининг умумий ўтказиш қуввати йилига тахминан 2 миллионтадан 5 миллионтагача ошди. Шу билан бирга, юк автомобилларини расмийлаштириш вақти 9 соатдан 30 дақиқагача қисқарди.
Ўтказиш пунктларининг имкониятларини кенгайтириш транспорт оқимининг барқарор ўсишига имкон берди. Агар 2022 йилда ЕОИИ ташқи чегарасидаги автомобиль ўтказиш пунктлари орқали қарийб 640 мингта транспорт воситаси ўтган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 1 миллиондан ошди, 2024 йилда 1,4 миллионга етди, 2025 йил якунларига кўра эса 1,7 миллионтани ташкил этди. Шундай қилиб, уч йил ичида чегарадан ўтган автомобиллар сони 2,6 баробардан зиёд ошди. Ўсиш 2026 йилда ҳам давом этмоқда: 8 ой давомида ўтказиш пунктлари орқали қарийб 1,3 миллионта транспорт воситаси ўтди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,3 фоизга кўп.
Рақамли ечимлар божхона расмийлаштируви вақтини 11 соатдан 3,5 соатгача қисқартирди
Инфратузилмани янгилаш билан бир қаторда Давлат даромадлар қўмитаси чегарадан ўтиш жараёнларини рақамлаштириш ишларини ҳам амалга оширмоқда.
KEDEN ахборот тизимида олдиндан хабар бериш, божхона транзити, декларациялаш ва товарларни ўтказиш жараёнлари автоматлаштирилган. Хавфлар аниқланмаган тақдирда декларацияни чиқариш тўғрисидаги қарор тизим томонидан автоматик равишда қабул қилинади.
Рақамли ечимларни жорий этиш натижасида божхона расмийлаштирувининг ўртача вақти 2024 йилдаги 11 соатдан 2026 йилда 3 соат 30 дақиқагача қисқарди.
CarGoRuqsat электрон навбат тизими ташувчиларга чегарадан ўтиш вақтини олдиндан бронь қилиш ва транспорт оқимларини тартибга солиш имконини беради. Бугунги кунга қадар ушбу тизим орқали 4,5 миллиондан ортиқ бронлаш амалга оширилган.
Шунингдек, халқаро автомобиль ташувлари учун хорижий рухсатнома бланкаларини бериш жараёни рақамлаштирилди. Юкларни рақамли кузатиб бориш ҳамда ташувчилар ва давлат органлари ўртасида маълумот алмашинувини таъминлайдиган Smart Cargo тизими ривожлантирилмоқда.
Интеграциялашган назорат тизими камералар, инспекцион-текширув мажмуалари, вазн-габарит ва радиацион ускуналардан келиб тушадиган маълумотларни бирлаштиради. Бунинг ҳисобига транспорт воситасининг киришидан чиқишига қадар ягона рақамли ҳаракат йўналиши шакллантирилади.
Автоматлаштириш темир йўл соҳасида ҳам жорий этиляпти. Хитой — Қозоғистон — Марказий Осиё йўналиши бўйича транзит декларацияларини автоматик тарзда чиқариш механизми амалга ошириляпти. Агар илгари битта контейнер поездини расмийлаштириш тахминан 3 соат вақт олган бўлса, автоматлаштирилган чиқариш тизими жорий этилганидан сўнг бу вақт 30 дақиқагача қисқарди.
8 ойда Қозоғистон орқали транзит ташувлари ҳажми 19 фоизга ошди
Ўтказиш пунктларини ривожлантириш Қозоғистон орқали транзит ташувлари ҳажмининг ортиши билан бирга кечмоқда. 2025 йил якунларига кўра, 1,4 миллионта транзит декларацияси расмийлаштирилди. Бу 2024 йилга нисбатан 8,6 фоизга кўп. Божхона чегарасидан ўтган юкларнинг умумий оғирлиги 2024 йилдаги 20,3 миллион тоннадан 2025 йилда 23,1 миллион тоннагача ошди.
2026 йилнинг 8 ойида 1,1 миллионта транзит декларацияси расмийлаштирилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 19 фоизга ошди.
Асосий йўналиш Хитойдан транзит бўлиб қолмоқда. Жорий йилнинг 8 ойида Хитойдан Қозоғистон орқали 814,5 мингта декларация расмийлаштирилди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 655,3 мингтани ташкил этган.
Юк ташиш жараёнларини янада тезлаштириш мақсадида «яшил йўлак» тамойили жорий этилмоқда. Замонавий текширув ва ўлчов ускуналари ягона автоматлаштирилган назорат жараёнига бирлаштирилади, олдиндан хабар бериш ва «ягона дарча» тамойиллари қўлланилади.
Кейинги босқичда юкларни расмийлаштириш жараёнида ҳамкор давлатларнинг экспорт ва транзит декларацияларидаги маълумотлардан автоматик фойдаланишни назарда тутувчи «тўсиқсиз транзит» лойиҳаси амалга оширилади.