Буюк Британияда ўқитувчилар иш ташлашди
Фақат феврал ойида 20 кун кетма-кет ўқитувчилар, давлат хизматчилари, университет ва коллеж ўқитувчилари, поезд ва автобус ҳайдовчилари ва бошқалар кўчага чиқишмоқда. Ҳамма иш ҳақини оширишни, меҳнат шароитларини енгиллаштиришни талаб қилмоқда. Улар ҳукмрон Консерватив партия фаолиятидан қониқмаяпти.
Ўқитувчилар мисли кўрилмаган кенг кўламли иш ташлашда қатнашдилар ва миллионлаб ўқувчилар мактабга бора олмадилар. Маошидан қониқмаган поезд ва автобус ҳайдовчилари, давлат хизматчилари ҳам кўчага чиқди.
Буюк Британияда ўқитувчиларнинг маоши сўнгги ўн йил ичида камайди. Натижада ўқитувчиларни жалб қилиш, рағбатлантириш ва ушлаб туриш имконсиз бўлиб қолди. Фискал тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, 2010 йилдан 2022 йилгача катта ўқитувчиларнинг иш ҳақи 13 фоизга камайди. Ўтган ёзда ҳукумат аксарият ўқитувчиларнинг маоши тахминан 5 фоизга ошишини эълон қилган эди. Аммо нархнинг кескин кўтарилиши туфайли бу пул йўқолди. Шундай қилиб, Миллий таълим иттифоқи аъзолари иш ташлашга қарор қилишди.
«Бугун мен маошни оширишни талаб қилгани келдим. Ҳеч ким кам маош эвазига ўқитувчи бўлишни хоҳламайди. Болаларнинг билим даражаси пасаймоқда. Ҳукумат бизнинг шикоятларимизга қулоқ солади деган умиддаман», - деди иш ташловчилардан бири.
«Ўқитувчи сифатида ойига 1,5 миллион тенге маош оламан. Аммо университетда ўқишим учун қарзим бор. Банк фоиз ставкалари кескин ошди. Қарзга ботдим. Ундан ташқари газ ва электр тўловлари ҳам қимматлашмоқда», - деб шикоят қилади яна бири.
Ўқитувчиларнинг иш ташлашлари бир кун билан чекланиб қолмайди. Келгусида яна олти марта ташкил этилади. Намойишлар чоғида 23,4 минг мактабда таҳсил олаётган 4,5 миллион ўқувчи дарсларни қолдириб кетади. Онлайн таълим пандемия давридаги каби мавжуд эмас. Ўқитувчиларнинг сўнгги иш ташлаши 7 йил аввал бўлиб ўтган, бироқ бундай кенг кўламли норозилик биринчи марта ташкил этилмоқда. Касаба уюшма ташкилоти маълумотларига кўра, кўчага чиққан ўқитувчилар сони ярим миллионга яқин.
«Биз ҳамма нарсани тушунамиз. Одамлар қашшоқлик бўйинтуруғини кийишга мажбур. Аммо ҳозирги ҳукуматнинг асосий мақсади инфляция даражасини икки баравар камайтириш ва фуқароларнинг аҳволини яхшилашдир. Агар биз иш ҳақини оширсак, инфляцияни жиловлаб бўлмайди», - деди Буюк Британия таълим вазири Жиллиан Киган.
Шу куни нафақат ўқитувчилар, балки етти хил касб эгалари ойлик маошларини оширишни талаб қилмоқда. 124 та давлат идораларида ишловчи давлат хизматчилари, 15 компаниянинг темирйўлчилари, Лондон автобус ҳайдовчилари, университет ўқитувчилари ва ўқитувчи бўлмаган ходимлар ҳамда кутубхоначилар иш ташлашмоқда.
Муаллиф: Ғалимжан Қараманули