Буюк Британия семиришга қарши дорини синовдан ўтказади
Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Уэс Стритинг диабетни даволаш ва вазн йўқотишга ёрдам бериш учун Eli Lilly томонидан ишлаб чиқарилган Mounjaro инъекцион препаратини синаб кўриш режасини эълон қилди.
Бунгача ҳам Mounjaro яхши натижалар кўрсатган. JAMA Internal Medicine журналида эълон қилинган яқинда ўтказилган тадқиқотга кўра, бу дори Дания фармацевтика компанияси Novo Nordisk томонидан ишлаб чиқарилган Ozempic ва Wegovy каби рақобатдош дориларга қараганда самаралироқ эканлиги аниқланди.
Стритинг семизликнинг катта иқтисодий ва тиббий харажатларга эга эканлигига эътибор қаратиб, бу касаллик билан оғриган беморлар ҳар йили тўрт кунлик ишни ўтказиб юборишини таъкидлади. Натижада Миллий соғлиқни сақлаш тизимига йилига 11 миллиард фунт стерлинг молиявий йўқотиш бўлади.
Буюк Британия ҳукумати соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга ҳам эътибор қаратмоқда. Масалан, болалар учун зарарли озиқ-овқатларни реклама қилиш тақиқланади.
Ҳукуматнинг 2023 йилги маълумотларига кўра, катталарнинг тўртдан биридан кўпроғи семириб кетган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2022 йилги ҳисоботида айтилишича, Британия семизлик даражаси бўйича Европада Мальтадан кейин иккинчи ўринда туради.