Буюк Британия қироли Карл III касалхонага ётқизилади
Буюк Британия қироли Карл III келаси ҳафта касалхонага ётқизилади, деб хабар беради BBC Букингем саройига таянган ҳолда.

75 ёшли монарх простата безини даволатади, унинг ҳозирги аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда. Касалхонага ётқизиш ва тузалиш даврида қиролнинг омма олдида чиқиши тўхтатилади.
Баёнотда таъкидланишича, қирол ҳар йили минглаб эркаклар каби кўпинча 50 ёшдан ошган эркакларда учрайдиган касалликдан даволанади. Бу ҳолат одатда жиддий эмас ва простата саратони ривожланиш хавфини оширмайди.
Қироллик оиласи яқинда 42 ёшли Уэльс маликаси Кэтрин ҳам Лондоннинг хусусий клиникаларидан бирида қорин бўшлиғида муваффақиятли операция қилинганини маълум қилди. Малика яна 10-14 кун касалхонада бўлишини кутмоқда ва шифокор маслаҳатига кўра, март ойи оҳиригача давлат вазифаларига қайтишни режалаштирмайди.