Буюк Британия Бош вазири Исроилда

Буюк Британия Бош вазири Исроилда
Фото: wikimedia

Британия Бош вазири Риши Сунак Исроилга етиб келиши билан Тель-Авив аэропортида журналистларга интервью бериб, 7 октябрь куни ХАМАС томонидан уюштирилган ҳужум “оқлаб бўлмайдиган террор акти” эканини айтди, деб хабар беради Kazinform агентлиги ВВС Telegram-каналига таяниб.

Р. Сунак Буюк Британия Исроилни қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

“Мен Бош вазир ва Президент билан учрашишни интиқлик билан кутяпман ва суҳбатимиз самарали бўлишига ишонаман”, – деди у.

Британия Бош вазири бугун эрталаб Тель-Авивга учиб келди. Сунак энди бир неча соат ичида Қуддусга бориб, Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху ва мамлакат президенти Исаак Герцог билан учрашади.

Яқин орада Франция президенти Макрон ҳам ушбу минтақага ташриф буюриши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Жо Байден кеча Исроилга борган эди. У Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакат ҳарбий вазирлар маҳкамаси аъзолари билан учрашувда АҚШ Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.

Дунё расмийлари вакиллари Ғазо секторидаги шифохонага ракета ҳужумидан сўнг Исроилга шошилинч сафарини бошлади. Ҳужум оқибатида камида 800 киши ҳалок бўлган.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос уч кунлик мотам эълон қилди. Al Mayadeen телеканали хабарига кўра, у Аммандан учиб, 19 октябрь куни АҚШ президенти Жо Байден билан режалаштирилган учрашувини кутмасдан Рамаллоҳга қайтган.

ХАМАС шифохонага қилинган ҳужумда Исроилни айбласа, Исроил расмийлари бунга Фаластин анклавидан муваффақиятсиз учирилган ракеталар сабаб бўлганини ва бунинг учун “Исломий жиҳод” масъул эканини таъкидламоқда.

7 октябрь куни Фаластиндаги ХАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум қилди ва давлатлар уруш ҳолатига келди.

Исроил-Фаластин можароси бошланганидан буён 3478 нафар фаластинлик ва 1300 нафар исроиллик, шунингдек, 13 нафар журналист ҳалок бўлди.

Сўнгги хабарлар