Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди
Астанада ҚР Туризм ва спорт вазири Ермек Маржиқпаев раислигида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёргарлик бўйича йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар беради Каzinform.

Мазкур вазрлик матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда Миллий спорт турлари ассоциацияси, Миллий от спорти маркази, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини ўтказиш дирекцияси раҳбарияти ҳамда Миллий спорт федерациялари президентлари иштирок этиб, бу борадаги ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Йиғилишда сўзга чиққан Ермек Маржиқпаев Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини ўтказиш мамлакат учун муҳим спорт тадбири эканини алоҳида таъкидлаганини етказди.
“Ўйинларга бир йилдан камроқ вақт қолди. Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини юқори савияда ташкил этишимиз зарур. Ҳозиргача қандай чора-тадбирлар кўрилгани, олдинда қандай вазифалар турибди, қандай муаммолар борлигини аниқлашимиз керак. Ўйинларга тайёргарлик масаласига келсак, тадбирлар режа асосида давом этмоқда. Миллий спорт жамоалари юқори савияда тайёрланиши лозим. Шу билан бирга, спортчилар учун сифатли шароитлар яратилиб, молиявий масалалар тўлиқ ҳал этилиши зарур”, — деди вазир.
V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари доирасида Қозоғистонга дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан делегациялар ташриф буюриши режалаштирилган. Ўйиннинг ўзига хослиги - спорт, маданий ва илмий дастурларнинг уйғунлиги. Дастурга 20 та мусобақа ва 10 та кўргазмали спорт турлари киритилган бўлиб, 110 та медаллар тўплами ўйналади. Мусобақа от спорти, миллий кураш, камондан отиш, қушлар билан ов қилиш, анъанавий интеллектуал ўйинлар бўйича ўтказилади.
Айни пайтда йирик мусобақада иштирок этувчи спортчилар рўйхати, 2024 йил учун ягона республика спорт-оммавий тадбирлар жадвалига киритилган спорт мусобақалари рўйхати тасдиқланди. Ўйинларга тайёргарлик доирасида терма жамоалар спортчилари 2024 йил январь ойидан бошлаб 13 та халқаро, 39 та маҳаллий ўқув-машғулот йиғини ҳамда 17 та республика ва 23 та халқаро мусобақаларда иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари жорий йилнинг 8-14 сентябрь кунлари Астана шаҳрида бўлиб ўтади.