Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида илк бор барча қитъалар вакиллари иштирок этади
ASTANА. Кazinform - Ташкилотчилар турнир яқинлашаётгани муносабати билан тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Аввалроқ Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев спорт иншоотларининг тайёрлигини текшириб, спорт мусобақаларини юқори савияда ўтказиш муҳимлигини таъкидлаган эди.
Марказий коммуникациялар майдонида бўлиб ўтган брифингда V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш дирекцияси раҳбари ўринбосари Абилай Қондибаев 89 давлатдан 2430 нафар иштирокчи мусобақада қатнашиш ниятини билдирганини маълум қилди.
“Улар қаторида мураббийлар ҳам бор. 21 та спорт тури бўйича 97 та медаллар жамланмаси ўйналади. Медаллар сони - 581 та. V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг умумий соврин жамғармаси 250 миллион тенгени ташкил этади”, — деди у.
Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари иштирокчилари ва меҳмонларини кутиб олиш учун 20 та меҳмонхона ва 331 та автомашина ажратилган.
Ўйинлар давомида жами 1300 нафар кўнгилли ишлайди. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларини аккредитация қилиш учун жами 64 давлатдан 1185 та ариза келиб тушган. Улар орасида CNN, BBC, Euronews, CCTV, Rai, CBC TV, Balkan Trip TV, TRT Türk телеканаллари, National Geographic, Agence-France Presse (Канада), Lonely Planet, Nikkei Asia ва бошқа йирик ОАВ вакиллари бор. Миллионлаб аудиторияга эга блогерлар глобал мусобақани тарғиб қилишдан четда қолмайди.
V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари давомида тиббиёт штабида 150 нафар тиббиёт ходими ишлайди. Шунингдек, мусобақа майдонида 23 ветеринария шифокори меҳнат қилмоқда.
Кўчманчилар ўйинларида 560 га яқин спорт отлари ва 45 та қушлар иштирок этади.
“Ушбу жаҳон мусобақасида илк бор иштирок этаётган давлатлар ҳам бор. Бу йил илк бор барча қитъалар вакиллари беллашади. Иштирокчи давлатлар орасида Қозоғистонга ташриф буюрадиган энг узоқ мамлакат Австралия бўлади”, — деди Абилай Қондибаев.
Эслатиб ўтамиз, 8-13 сентябрь кунлари Астана шаҳрида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бўлиб ўтади.