Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари: Туркия қатнашишга тайёр
ASTANА. Кazinform - 8-13 сентябрь кунлари Астана шаҳрида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бўлиб ўтади. Унда 80 дан ортиқ давлатдан 2000 дан ортиқ спортчи 21 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб бориши кутилмоқда. Улар орасида Туркия ҳам бор.
Маълумки, Туркия Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида спортнинг 9 тури бўйича иштирок этиш ниятида. Бу мамлакатдан 120 нафарга яқин спортчи беллашишга ҳаракат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, охирги марта Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари икки йил аввал Туркиянинг Изник шаҳрида ўтказилган эди. Мусобақани юқори савияда ташкил этган туркияликлар Астанада қизғин кураш бўлишига ишончлари комил.
Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси бошқаруви аъзоси Абдуҳади Туруснинг айтишича, мазкур мусобақани ўтказишда тажриба тўплаган Туркия қозоғистонлик ҳамкасбларига максимал даражада ёрдам бермоқда.
“Бизни умумий тил, тарих ва маданият, анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туради. Биз Астанадаги кенг кўламли тадбирда иштирок этишга тайёрмиз. Бунгача қозоғистонлик ҳамкасблар билан тез-тез учрашиб, тайёргарлик жараёнини ишлаб чиқдик. Бу йил Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари юқори савияда ўтишига ишончимиз комил”, — деди у.
Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси бошқарувининг яна бир аъзоси Усмон Басер бу каби тадбирлар ёшларни маданий тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
“Кўчманчилар ўйинлари иштирокчилари бир-бирини спорт орқали танишади. Мақсадимиз - меросни келажак авлод учун сақлаб қолиш. Бу борада Қозоғистон ўз мажбуриятларини албатта бажаради. Бундан ташқари, Туркиядаги кўчманчилар ўйинларига яна иккита халқаро тузилма тайёрланмоқда. Улар туркий давлатлар ва ТУРКСОй ташкилотидир. Охиргиси туркий халқлар маданий меросини тарғиб қилиш, туркий давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган кўргазма ва чиқишлар ўтказади”, — деди У. Басер.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги кўчманчилар ўйинларида илк бор Бруней Даруссалом, Либерия, Венесуэла, Ирландия, Доминикан Республикаси, Гамбия, Бруни, Эфиопия, Перу каби давлатлардан спортчилар иштирок этишади.