Бугун Тожикистонда Туркманистон маданияти кунлари бошланади

Бугун Тожикистонда Туркманистон маданияти кунлари бошланади. Бу ҳақда “Ховар” агентлиги Тожикистон Маданият вазирлигига таяниб хабар берди.

Бугун Тожикистонда Туркманистон маданияти кунлари бошланади
Фото: khovar.tj

Бу қадам икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли маданий алоқаларни янада ривожлантириш ва кенгайтириш мақсадида қўйилган.

Дастурга кўра, Тожикистонда Туркманистон маданияти кунларининг расмий очилиши ва Туркманистон санъат усталарининг концерти 3 апрелда соат 16:00 да Садриддин Айний номидаги Давлат академик опера ва балет театрида бўлиб ўтади.

Шунингдек, ушбу кунлар доирасида 4 апрелда соат 10:00 да Тожикистон Миллий музейида Туркманистон расмлари ва халқ ҳунармандчилиги намуналари кўргазмаси очилади.

Туркманистон маданияти кунлари давоми сифатида 4 апрелда “Кўхи Борбад” давлат мажмуасида Тожикистон Республикаси ва Туркманистон санъат усталарининг қўшма концерт дастури – “Дўстлик оқшоми” бўлиб ўтади.

5 апрелда ўтказиладиган Маданият кунлари иштирокчилари республиканинг шаҳар ва туманларига бориб, йиғилганлар эътиборига ўзларининг маданий дастурларини тақдим этадилар.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистоннинг Тожикистондаги маданият кунлари 5 апрель куни якунланади.

Сўнгги хабарлар