Бугун - Машинасозлар куни
ASTANА. Кazinform - Бугун Қозоғистонда Машинасозлар куни нишонланмоқда. Касбий байрам биринчи марта 1981 йилда Иттифоқ даврида нишонланган. Иттифоқ парчаланганидан кейин Беларусь, Қирғизистон ва Россия ҳам бу байрамни ўз тақвимларида қолдирди.
2017 йил 31 октябрда ҚР Ҳукуматининг “Қозоғистон Республикасида дам олиш кунлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 689-сонли қарори билан сентябрь ойининг охирги якшанбаси Машинасозлар куни сифатида тасдиқланган.
Машинасозлик мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан биридир. Уни жадал ривожлантириш мамлакатнинг қайта ишлаш саноатини ривожлантириш концепциясининг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунда нафақат машинасозлик, балки электр энергетикаси, темир йўл асбоб-ускуналари, тоғ-кон саноати, нефть-газ, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги каби 40 га яқин мураккаб тармоқлар ҳам киради. Бу соҳада 120 мингга яқин киши меҳнат қилмоқда.
Ўтган йили ҚР Ҳукумати томонидан 2024-2028 йилларда мамлакатда машинасозлик саноатини ривожлантиришнинг комплекс режаси тасдиқланган эди. Ҳужжат қишлоқ хўжалиги, темир йўл, энергетика ва электротехника, тоғ-металлургия ва нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик ва авиация қурилиши каби соҳалардаги муаммоларни янада ҳал этиш, мавжуд тармоқларнинг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, солиқ солинадиган базани кўпайтириш, жаҳон иқтисодиётига ўз вақтида қўшилиш имконини беради.
Шунинг учун комплекс режа ички иқтисодиёт учун стратегик аҳамиятга эга. Мазкур ҳужжат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакат машинасозлик саноатининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган. Комплекс режа Қозоғистон Республикасининг “Саноат сиёсати тўғрисида”ги Қонунини амалда татбиқ этиш масалаларини, мамлакатни 2025 йилгача ривожлантириш миллий режасининг асосий қоидаларини, 2023-2029 йилларгага мўлжалланган ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш концепциясини, Давлат раҳбарининг мамлакат иқтисодиётини диверсификация ва саноатлаштириш бўйича топшириқларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
“Қозоғистон Машинасозлар уюшмаси” маълумотларига кўра, 2024 йилдан 2028 йилгача машинасозлик соҳасида асосий мутахассисларга бўлган эҳтиёж 7 мингдан ортиқ кишини ташкил этади. Комплекс режа машинасозлик соҳасида дуал таълимни ривожлантириш бўйича Европа тажрибасини ўрганиш, техник ва касб-ҳунар таълимидан кейинги таълимни ташкил этишнинг илғор тажрибасини янада жорий этишни назарда тутади. Режанинг ўзини молиялаштириш учун бюджетдан 1,4 триллион тенге ажратилади.