Бугун Қозоғистонда Давлат хизматчилари куни

2003 йил март ойида БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияни қабул қилиб, 23 июнни Давлат хизматлари куни деб эълон қилди. Қозоғистон бу байрамни 10 йилдан сўнг тасдиқлади – 2013 йилда 23 июнь Қозоғистонда Давлат хизматчилари куни деб номланди. 2014 йилдан буён бу кун касб байрами сифатида нишонланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Давлат раҳбари «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига давлат хизмати масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни имзолаган эди.
Мазкур ҳужжат давлат-сиёсий мансабдор шахсларнинг масъулиятини кучайтириш ва коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олишга доир нормаларни ўз ичига олади. Қонунда давлат органларига шартнома асосида ишлайдиган ходимларни сафарбар этиш, ротация механизмини такомиллаштиришга доир қоидалар ҳам ўрин олган.
2023 йил 1 январ ҳолатига кўра, давлат хизматчилари сони 90 мингдан ошади. Давлат хизматларида аёлларнинг улуши 55,4 фоизга етди.
Кейинги 5 йил ичида давлат хизматчиларининг ўртача ёши тахминан 39 ни ташкил этди.
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи