Бугун - Чорвадорлар куни
ASTANA. Кazinform - 2021 йилдан бошлаб Қозоғистонда Чорвадорлар куни июнь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланади. Чорвадорлар байрами - чорвадорларнинг кайфиятини кўтариш, уларнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, Қозоғистонда чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган. Айни пайтда мамлакат чорвачилигида қандай ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда?

Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 4 ойида чорвачиликнинг ялпи ички маҳсулоти 792,3 миллиард тенгени ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан катта маблағдир. Албатта, чорва моллари сонининг кўпайиши кўрсаткичга таъсир қилиши аниқ.
Хусусан, жорий йилда қорамоллар сони 4,3 фоизга, қўйлар 10 фоизга, отлар 5,5 фоизга, туялар 9 фоизга, паррандалар 0,8 фоизга кўпайди.

Қизиқарли маълумотларга кўра, жорий йилда мамлакатда бир соғин сигир тўрт ойда ўртача 641 килограмм сут берган. Бу кўрсаткич қишлоқ хўжалиги тузилмаларида 676 кг, шахсий ҳовлида 623 кг га тенг.
Тўрт ойда ҳар бир товуқ ўртача 77 тухум қўйди. Қишлоқ хўжалиги тузилмаларида бу кўрсаткич 88 та, хусусий ҳовлиларда эса аҳоли катакдан ўртача 43 дона тухум йиғишди. Умуман олганда, уй товуқлари йилига ўртача 227 тухум қўяди.
2024 йилнинг январь-апрель ойларида сўйилган вазнда барча турдаги гўшт етиштириш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 фоизга ошиб, 359,3 минг тоннани ташкил этди. Улардан от гўшти етиштириш ҳажми 3 фоизга, туя гўшти 15,4 фоизга, парранда гўшти 9,9 фоизга ўсди.

Айтиш жоизки, сут етиштириш ҳажми 3,5 фоизга ошиб, 1432,2 минг тоннани ташкил этди. Товуқ тухуми етиштириш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,7 фоизга ошиб, 1446,2 миллион донага етди.
Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра республикага хориждан 3 минг 277 бош сут ва сут-гўшт йўналишидаги, 360 бош гўштли қорамол олиб келинди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 14 июлда Чорвадорлар кунини тақвимга киритиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори эълон қилинган эди.