Бу йилги ноодатий ёмғирли ёз экинлар ҳосилдорлигига қандай таъсир қилади
ASTANA. Kazinform - Жорий йилнинг ёзида Қозоғистоннинг бир қатор ҳудудларида тез-тез ёғингарчилик кузатилди, бу эса ҳосил сифати билан боғлиқ хавотирларни уйғотди. Kazinform агентлиги бу борада эксперт хулосасини тақдим этади.

Июль ойи Қозоғистонда жуда ёмғирли бўлди. Мамлакатнинг аксарият ҳудудларида тез-тез ва кучли ёғингарчилик бўлиб, чақмоқ чақиши, дўл ва кучли шамоллар билан бирга келди.
Мамлакатнинг турли минтақаларида, ҳатто анъанавий қуруқ ва иссиқ жанубда ҳам ҳаво ҳарорати ўзгариб турибди.
ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳозирги об-ҳаво яхши ҳосил олиш имконини бераётганини таъкидлади.
“Бугунги кунда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг маълумотларига кўра, ҳосилнинг 70 фоизи яхши, 30 фоизи эса қониқарли ҳолатда. Шу билан бирга, суғориш ва ҳосил йиғишда об-ҳаво муҳим омил ҳисобланади. Ҳозирги об-ҳаво яхши ҳосилни башорат қилиш имконини беради”, - деб жавоб берди вазирлик.
Сакен Сейфуллин номидаги Қозоғистон қишлоқ хўжалиги университетининг қишлоқ хўжалиги ва ўсимликчилик кафедраси профессори, PhD доктори Адилбек Ноғаев ҳам жорий йилда ёғингарчиликнинг ҳосилга таъсири ҳақида ўз фикрларини билдирди.
“Ёмғирлар бошоқли экинларнинг вегетация даврини кечиктириши мумкин, бу эса ҳосил сифатига таъсир қилиши мумкин. Бироқ, умуман олганда, бу йил ҳосил яхши бўлади, деб ўйлайман, бироқ ҳаммаси ўрим-йиғим шароитига, шу паллада ёмғир ёғиши ёки ёғмаслигига боғлиқ”, — деди у.
Мутахассиснинг эслатишича, баҳорги ёмғирнинг узоқ давом этиши экиш мавсумини кечиктириб, деҳқонлар ишига салбий таъсир кўрсатган.
Кўпгина фермерлар экин экишни фақат июнь ойида бошлашга мажбур бўлди.
Унинг сўзларига кўра, бу буғдойнинг пишмай қолиш хавфини юзага келтиради ва сифатига таъсир қилади.