Бу йил Қозоғистонда суперкомпьютерлар ишга туширилади

жасанды интеллект
Фото: Pixabay

ASTANA. Kazinform – ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигининг Инновацион ривожланиш департаменти директори Дархан Мирзабаев йил якунига қадар Қозоғистонда суперкомпьютерлар ишга туширилиши ва унинг афзалликлари ҳақида сўзлаб берди.

“2024 йил охиригача Давлат раҳбари топшириғига биноан “Самруқ-Қазна” миллий фаровонлик жамғармаси ва Group42 компанияси билан ҳамкорликда энг замонавий технологиялардан фойдаланадиган суперкомпьютер ишга туширилади. Шу муносабат билан вазирлигимизнинг истиқболи ҳисоблаш қувватини ижарага олиш ва сотиб олиш, уни ихтисослаштирилган маълумотлар марказларида жойлаштириш кўринишидаги технологик инфратузилмани (суперкомпьютер) яратишдан иборат. Сунъий интеллект учун зарур бўлган ҳисоблаш ресурслари миқдори давлат органлари, олий таълим муассасалари, илмий жамоатчилик ва хусусий сектор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади”, – деди Дархан Мирзабаев Марказий коммуникациялар хизмати майдонида ўтказилган матбуот анжуманида.

Департамент директорининг сўзларига кўра, иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, ахборот технологиялари, молиявий хизматлар, соғлиқни сақлаш, энергетика ва ишлаб чиқариш сунъий интеллектдан сезиларли фойда кўради.

“Суперкомпьютер сунъий интеллект моделларини яратишга хизмат қилади ва илмий ва академик муҳит учун, шунингдек, сунъий интеллект маҳсулотларини ишлаб чиқишда тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлади. Бу сунъий интеллект соҳасидаги ҳисоблаш ресурсларига ортиб бораётган талабни қондиради. Бундан ташқари, технологик инфратузилманинг (суперкомпьютер) ишга туширилиши Қозоғистоннинг Марказий Осиёда сунъий интеллектни ривожлантириш соҳасидаги етакчилигини белгилаб беради ҳамда маҳаллий компаниялар ва қўшни давлатларга ҳисоблаш қувватини (суперкомпьютерлар) ижарага олиш имконини беради”, – дейди у.

Аввал хабар берганимиздек, мамлакатда рақамли кодекс ва сунъий интеллект тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Сўнгги хабарлар