Бу йил Қозоғистонда қанча ғалла йиғилади
Қозоғистонда ўрим-йиғим мавсуми деярли якунига етди. Бу ҳақда ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Азат Султанов маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

“Шимолий Қозоғистон вилоятида ғалла ҳосилини йиғиб олиш якунланди. Ҳосилнинг 90 фоизи Қостанай ва Ақмўла вилоятларида, яъни асосий ғалла етиштириладиган вилоятларда йиғиб олинди”, - деди Азат Султанов “KazAgro-2023” халқаро кўргазмаси давомида ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берар экан.
Унинг таъкидлашича, ҳосилни октябрь ойида якунлаш режалаштирилган.
“Биз аниқ прогнозни ишлаб чиқдик. Шунга кўра, жорий йилда 15,6 миллион тонна ғалла йиғиб олинади. Ҳозирда прогноз тасдиқланган. Ўтган йилдан қолган ғаллани ҳисобга олсак, ички бозорни ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар билан таъминлаш учун етарли. Бу ун, макарон ва нонни англатади. Ижтимоий ноннинг нархи махсус субсидия дастури орқали тартибга солинади, шунинг учун истеъмолчилар хавотир олмасин”, - деди вазир ўринбосари.
Муаллиф: Даулет Изтилеу