Бу йил Қозоғистонда 186 минг нафардан ортиқ ўқувчи мактабни битиради

ASTANА. Кazinform - Бу йил Қозоғистонда 11-синфни 186 минг нафардан ортиқ ўқувчи тамомлайди. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазирининг биринчи ўринбосари Наталья Жумадилдаева маълум қилди.

Битирувчилар
Фото: Мухтор Холдорбеков/Kazinform

“22 мингдан ортиқ мактабгача, ўрта таълим, техника ва касб-ҳунар таълими марказлари жорий ўқув йилини якунлашга ҳозирлик кўрмоқда. Жорий ўқув йилида 5 миллион нафардан ортиқ бола ушбу даргоҳларда таълим-тарбия олди. Бу йил 341 минг нафардан ортиқ ўқувчи 9-синфни тамомлайди ва улар 10-синфни давом эттириш ёки коллежга кириш ҳақида қарор қабул қилади. 11-синфни 186 минг нафардан ортиқ ўқувчи тамомламоқда. Улар энди ўзларининг бўлажак касбларини танлайдилар”, — деди у Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда.

Унга кўра, Таълим-маориф вазирининг буйруғига биноан, мактабларда таълим муддати 2024 йил 25 майда тугайди. 24 май куни республиканинг барча мактабларида «Білімім – Отаныма!» мавзусида ягона синф соати ўтказилади. Синф соатининг мақсади: болаларни йил давомида олган таълим натижаларини умумлаштиришга ўргатиш. Шунингдек, 25 май куни мактабларда битирувчилар иштирокида «Мектебім, саған мың алғыс!» тантанали тадбири ўтказилади. Таълим ташкилотлари тантанали тадбирнинг форматини ва иштирокчилар таркибини ўзлари белгилайди.

“Бошланғич синф ўқувчилари анъанавий тарзда май ойининг сўнгги кунларидан бошлаб ёзги таътилга чиқади. 27 майдан бошлаб 5-11-синф ўқувчилари учун имтиҳонлар ўтказилади. Имтиҳонлардан кейин улар ҳам ёзги таътилга чиқишади. Ўқувчиларнинг дастурлар мазмунини ўзлаштириш даражасини баҳолаш мақсадида бу йил илк бор 5-8, 10-синфларда қозоқ тили ва адабиёти фанларидан оралиқ назорат синовлари ўтказилади”, – дейди Наталья Жумадилдаева.

Сўнгги хабарлар