Бу йил қишлоқ хўжалиги соҳасига рекорд миқдорда маблағ ажратилди – ҚР Бош вазири
ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Ҳукумати раҳбари Олжас Бектенов жорий йилги экиш кампаниясидан йиғилган маҳсулотларни етказиб бериш, сақлаш ва сотиш бўйича қатор топшириқлар берди.
“Давлат раҳбарининг топшириғига асосан жорий йилда баҳорги экиш ва кузги йиғим-терим ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш ҳажми биринчи марта рекорд даражадаги 580 миллиард тенгега етди. Бюджет маблағлари фермерларни тўғридан-тўғри кредитлаш, фоиз ставкаларини пасайтириш ва форвард сотиб олишга йўналтирилди. Келгуси йилда биз молиялаштириш ҳажмини 700 миллиард тенгега етказишни режалаштирмоқдамиз”, — деди Олжас Бектенов Ҳукумат йиғилишида.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, жорий йилда лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишга 120 миллиард тенге сармоя киритилди.
“Келгуси йилда бу кўрсаткични 200 миллиард тенгега етказиш режалаштирилган. Шунингдек, фермерларга уруғлик, арзонлаштирилган ёқилғи ва етарли миқдорда ўғит етказиб берилди. Энди асосий вазифа йиғилган маҳсулотларни сақлаш ва сотишдан иборат. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда йиғилган ғаллани зое қилмай ташишни, қуритиб, элеваторларга етказиб беришни ўз вақтида таъминлаши керак”, - деди у.
Шунингдек, Олжас Бектенов ғалла қабул қилувчи корхоналар 24/7 иш режимига ўтиши кераклигини айтди.