Бу йил 700 дан ортиқ «ватандош» Қозоғистоннинг шимолий вилоятларига кўчиб ўтиш учун ариза топширган

None
ASTANA. Kazinform – Шимолий вилоятларга кўчиб ўтаётган ватандошларига уй-жой сертификатлари берилади. Бу ҳақда ҚР Бош вазири Алихан Смаилов Парламент депутатлари саволига берган жавобида маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

«Этник миграцияни тартибга солиш усуллари кўриб чиқилди. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, хорижда истиқомат қилаётган этник қозоқларнинг «ватандош» мақомини олиш тўғрисидаги аризасини Ташқи ишлар вазирлигининг хорижий муассасаси орқали «бир дарча» тамойили асосида қабул қилиш механизми жорий этилди. Янги механизм бир қатор мамлакатларда тажриба режимида жорий этиляпти. Мамлакатга келишдан олдин этник ватандошлар келаётган ҳудудлари, иш жойлари, текин ер участкалари, ижтимоий инфратузилма билан таъминланиши ҳақида маслаҳат олади», – деди Ҳукумат раҳбари.

Алихан Смаиловнинг сўзларига кўра, 700 дан ортиқ ватандошлардан Қозоғистон шимолига кўчиб ўтиш учун аризалар келиб тушган.

«Ҳозирги вақтда қозоқ миллатига мансуб фуқаролардан шимолий вилоятларга кўчиб ўтиш учун 771 (237 оила) аризаси қабул қилинган. Улардан 368 нафари (111 та оила) рухсатнома олди. Жорий йилдан бошлаб уларга уй-жой учун иқтисодий сертификати (сотиб олиш, қуриш, дастлабки тўлов) қўшимча равишда тақдим этилади. Сертификат «ватандош»нинг ўзига берилади. Бу фуқароларга шимолий ҳудудларда мустақил равишда уй-жой танлаш имконини беради», – дейилади жавобда.

Бош вазир бу сертификатлар учун жорий йилда бюджетдан 10,1 миллиард тенге ажратилганини маълум қилди. Пулнинг қонуний тақсимланишини Олий Ҳисоб палатаси назорат қилади.