Бу кузда Қозоғистонда об-ҳаво қандай бўлади?
ASTANA. Kazinform - «Қазгидромет» РДК синоптиклари 2026 йил кузи учун консультатив об-ҳаво прогнозини эълон қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.
Прогнозга кўра, сентябрь ойида республика ҳудудининг аксарият қисмида ойлик ўртача ҳаво ҳарорати меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда. Ғарбий Қозоғистон вилоятининг катта қисмида, шунингдек, Атирау ва Манғистау вилоятларининг ғарбида ҳаво ҳарорати меъёрдан 1°C юқори бўлади.
Сентябрь
Сентябрь ойида ёғингарчилик миқдори республика ҳудудининг катта қисмида меъёр атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Шимолий Қозоғистон, Павлодар вилоятларида, Ғарбий Қозоғистон ва Ақмола вилоятларининг катта қисмида, Атирау вилоятининг шимоли-ғарбида, Қостанай вилоятининг шимоли-шарқида, Қарағанди вилоятининг чекка шимолида, Шарқий Қозоғистон вилояти ва Абай вилоятининг шимолий ярмида ёғингарчилик меъёрдан кўп бўлади.
Қизилўрда ва Туркистон вилоятларининг катта қисмида, Манғистау вилоятининг жануби-шарқий ярмида, Ақтўбе вилоятининг жанубида ва Жамбил вилоятининг жануби-ғарбида ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.
Октябрь
Октябрь ойида республика ҳудудининг катта қисмида ойлик ўртача ҳаво ҳарорати меъёрдан 1-2°C юқори бўлади. Алмати вилояти, Жетису ва Шарқий Қозоғистон вилоятларининг катта қисмида, Туркистон ва Жамбил вилоятларининг жануби-шарқида, Абай вилоятининг жануби-шарқий ярмида ҳарорат меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.
Октябрь ойида ёғингарчилик миқдори республика ҳудудининг барча қисмида меъёр атрофида бўлади.
Ноябрь
Ноябрь ойида республика ҳудудининг катта қисмида ойлик ўртача ҳаво ҳарорати меъёрдан 1-2°C юқори бўлиши прогноз қилинмоқда. Алмати, Жетису, Абай ва Шарқий Қозоғистон вилоятларида, Жамбил, Қарағанди ва Павлодар вилоятларининг шарқий ярмида ҳаво ҳарорати меъёр атрофида бўлади.
Ноябрь ойида мамлакат ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда. Шимолий Қозоғистон вилоятида, Қостанай, Ақмола ва Павлодар вилоятларининг шимолий ярмида ёғингарчилик меъёрдан кўп бўлади.