Бу ҳафта Қозоғистоннинг қайси ҳудудларида иситиш мавсуми бошланади
ASTANА. Кazinform – Қозоғистоннинг бешта вилоятида иситиш мавсуми бошланди. Об-ҳавога қараб, шу ҳафта охирига қадар яна бешта ҳудудга иссиқлик етказиб берила бошлайди. Бу ҳақда Энергетика вазири ўринбосари Қаирхан Тутқишбаев Ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
Ҳозирда иситиш мавсуми Павлодар, Ақмола, Қостанай, Шимолий Қозоғистон вилоятлари ва Шарқий Қозоғистон вилоятининг Риддер шаҳрида бошланди.
Об-ҳаво кўрсаткичларига қараб, иситиш мавсуми шу ҳафта охирига қадар Астанада, шунингдек, Қарағанди, Ақтўбе, Атирау ва Абай вилоятларида бошланиши режалаштирилган.
– Умуман олганда, иситиш мавсумига тайёргарлик ишлари тасдиқланган жадвалга мувофиқ олиб борилмоқда. Энергия манбаларида зарур ёқилғи захиралари тўпланган ва тегишли ускуналар тайёрланган. 17 минг километрлик электр узатиш линияларида таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди. Тўртта нимстанцияда ишлар якунланмоқда. Иситиш тармоқларининг умумий тайёрлиги режалаштирилган 377 километрдан 374 километрга ёки 99 фоизга етди, — деди вазир ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, иситиш мавсумига тайёргарлик даражаси бўйича бир қатор ҳудудлар Энергетика вазирлигининг махсус назорати остида.
— Ўтган ҳафта Петропавлдаги учта иситиш магистралини реконструкция қилиш тўлиқ якунланди. Степногорскда ижтимоий объектларга иссиқлик етказиб бериш 25 сентябрда бошланди. Иситиш магистралини реконструкция қилиш якунланди. Ҳозирда тармоқларни тозалаш ва босим синовлари олиб борилмоқда. Ички тақсимлаш тармоқларида ҳам ишлар якунланди ва истеъмолчилар уланишни бошладилар, — деди Қаирхан Тутқишбаев.
Семейда ҳисобот ҳафтасида учта объектда ишларнинг бажарилиш даражаси 12 фоизга ошди. Шундай қилиб, режанинг умумий бажарилиши 82 фоизни ташкил этди. Насос ускуналари 27 сентябрда етказиб берилди ва ҳозирда уни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
— «Парус» ва «Вирб» насос станцияларида ишлар келгуси ҳафтада якунланиши режалаштирилган. 340-блокдаги насос станциясида ускуналарни ўрнатиш ва объектни тўлиқ ишга тушириш учун тахминан икки ҳафта вақт кетади. Ишлар 15 октябргача якунланиши режалаштирилган. Шу муносабат билан Абай вилояти ҳокимлигига таъмирлаш ишларини имкон қадар тезроқ якунлаш топширилди, — деди Қаирхан Тутқишбаев.